19:27 / 25.04.2022
46437
Украинадаги уруш: НАТO Россиянинг ҳарбий ҳаракатларига қандай жавоб берди?

НАТО тез орада янада кенгайиши мумкин, июнь ойида Финландия ва Швеция ҳам аъзоликка ариза бериши кутилмоқда. НАТО давлатлари Украинага ракеталардан тортиб, танклар ва оғир артиллериягача бўлган миллиардлаб долларлик қурол-яроғлар етказиб бермоқда.

Фото: Getty Images

НАТО қандай ташкилот?

НАТО (Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти) – 1949 йил 4 апрел куни имзоланган Вашингтон шартномаси асосида 12 давлат, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Канада ва Франция томонидан тузилган ҳарбий-сиёсий иттифоқ. Ташкилот ташкил этилишидан асосий мақсад сифатида урушдан кейинги даврда «СССРнинг Европага экспансияси таҳдидини қайтариб туриш» кўзда тутилган.

НАТО низоми 14 моддадан иборат. Ундаги энг муҳимларидан бўлган 5-моддада шундай дейилади: «Ташкилотга аъзо давлатлардан бирига ҳужум қилинса, бу ҳолат НАТОнинг бошқа аъзоларига ҳам агрессия қилинган, деб баҳоланади ва умумий жавоб чоралари кўрилади».

Қизиқ жиҳати, альянсга аъзо бўлиш учун СССР ҳам 1954 йил расмий нота билан чиқади. Бироқ Ғарбнинг етакчи давлатлари ҳукуматлари Москвага ишонишмайди. Улар СССРнинг бирламчи мақсади АҚШни Европадан қувиб чиқариш ва НАТОни ичидан емириш, деган хулосага келишади.

Бунга жавобан 1955 йил 14 май куни «социалистик лагер»га кирувчи давлатлар: Албания, Болгария, Венгрия, Германия демократик республикаси, Польша, Руминия, Чехословакия ва СССР НАТОга қарши ўлароқ «Варшава шартномаси ташкилоти» деб номланган ҳарбий иттифоқ битимини имзолайди. Жами 36 йил фаолият олиб борган мазкур ташкилот 1991 йил 1 июль куни тарқатиб юборилади.

НАТОнинг кенгайиши:

Ҳозирда 30 давлат НАТОга аъзо ҳисобланади:

  • 1949 йил – АҚШ, Бельгия, Буюк Британия, Нидерландия, Дания, Италия, Исландия, Люксембург, Канада, Норвегия, Португалия, Франция;
  • 1952 йил – Греция, Туркия;
  • 1955 йил – ГФР;
  • 1982 йил – Испания;
  • 1999 йил – Венгрия, Польша, Чехия;
  • 2004 йил – Болгария, Литва, Латвия, Руминия, Словакия, Словения, Эстония;
  • 2009 йил – Албания, Хорватия;
  • 2017 йил – Черногория;
  • 2020 йил – Шимолий Македония.

Қўшилиш учун номзод давлатлар: Босния ва Герцеговина, Украина ва Грузия.

НАТОга қандай қилиб аъзо бўлиш мумкин?

НАТО тузилган дастлабки даврда ташкилотга аъзо бўлиш иккита шарт бўлган: биринчидан, ариза берувчи давлат Европада жойлашган бўлиши, иккинчидан, ташкилотга аъзо барча давлатларнинг розилиги олиниши керак эди.

Кейинчалик СССР тарқалиб кетиши ортидан НАТОга аъзо бўлиш учун кўплаб давлатлар мурожаат қилгач, альянсга аъзо бўлиш шартлари мураккаблашди. Бугунги кунда ташкилотга аъзо бўлиш истагидаги номзод мамлакатнинг нафақат қўшнилари билан турли келишмовчиликлари, балки ҳудудий жиҳатдан ички муаммолари ҳам бўлмаслиги, шунингдек, ҳарбий харажатлар учун НАТО талаб қиладиган аъзолик бадалини ажрата оладиган даражада иқтисодий имкониятларга эга бўлиши лозим.

Шу жиҳатдан Грузия – Абхазия ва Шимолий Осетия муаммоси, Украина эса Донецк, Луганск, Қрим муаммоси сабаб альянсга кира олмай келмоқда.

Швеция ва Финландия ҳам НАТОга қўшиладими?

BBC’га кўра, АҚШ расмийлари Швеция ва Финландия жорий йилнинг июнь ойидаёқ НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беришини кутишмоқда.

Россия эса ушбу мамлакатларга потенциал оқибатлар бўйича огоҳлантириш берган.

«Брюссел АҚШ шафелиги остида Швеция ва Финландияни ўз тузилмаларига аллақачон олиб кирди, машғулот ёки тренинглар кўринишида турли гибрид чоралар амалга оширилди. Биз ҳам оммавий тарзда, ҳам икки томонлама каналлар орқали ўз огоҳлантиришларимизни бердик. Улар бу ҳақда билишади, шунинг учун ҳайрон бўлишнинг кераги йўқ. Бу нималарга олиб келиши борасида барчасидан хабардор қилганмиз», дея ёзган Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарова.

АҚШ мудофаа расмийларининг фикрича, Москванинг Украинага бостириб кириши НАТО кенгайишига олиб келиши мумкин бўлган «катта стратегик хато» ҳисобланади.

Агар Финландия НАТОга кирадиган бўлса, у альянснинг барча аъзолари ичида Россия билан энг узун чегарага эга мамлакатга айланади. Икки давлат чегараси узунлиги 1340 километр бўлиб, чегара чизиғи Санкт-Петербургдан атиги 200 километр наридан ўтган.

НАТО нега Украинага қўшин киритмади?

Биринчидан, Украина НАТОга аъзо бўлмагани сабабли альянс олдида мамлакат мудофааси учун қўшин юбориш мажбурияти йўқ.

Иккинчидан, Украинада НАТОга аъзо давлатлар ва рус қўшинлари тўқнаш келадиган бўлса, бу кенг қамровли можарога айланиб кетиши мумкин. Ташкилот аъзолари «Украинани қўллаб-қувватлаш учун қўлимиздан келганини қилишга қатъий қарор қилдик, бироқ уруш Украина чегарасидан ташқарига чиқмаслигини таъминлаши зарур», деган баёнотлар билан чиққани бежиз эмас.

Украина ҳукуматининг Ғарбдан Россия ҳарбий самолётлари ва учувчисиз дронлари учун ўз осмонини ёпишни сўраб қилган мурожаатлари ҳам инкор этилди.

Ғарб Украинага қандай янги қуроллар етказиб бермоқда?

Украинада уруш бошланганидан бери АҚШ Киевга ёрдам бериш учун 3,4 миллиард доллар ажратди, дея хабар берган Пентагон матбуот хизмати. Молиявий ёрдамдан ташқари Вашингтон Киевга ҳарбий техникалар ҳам юбормоқда.

АҚШ таъминоти: 

  • Советлар даврида ишлаб чиқарилган 16та Ми-17 русумли вертолёт;
  • 700дан ортиқ Switchblade снарядлари;
  • 1,4 мингта Stinger зенит-ракета тизимлари;
  • 5,5 мингдан ортиқ Javelin танкка қарши ракета тизимлари;
  • 90 155 ммюлик гаубицалар;
  • 183 минг артиллерия снарядлари, ушбу қуролларни олиб юриш учун 72 та машина;
  • 200 та М113 русумли зирҳли транспортёрлар;
  • 100 та Hamvi русумли зирҳли автомобиллар;
  • 121та Phoenix Ghost русумли тактик дронлар;
  • Дала артиллерияси ускуналари ва эҳтиёт қисмлар, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар.

Бошқа давлатлар:

  • Словакия S-300 тизимлари;
  • Польша — 100та Т-72 русумли танк;
  • Чехия — 20 та RМ-70 реактив ўт очиш тизимлари (Grad апгрейди) ва Dana русумли ўзиюрар гаубицалар;
  • Буюк Британия — 120 Mastiff вa Jackal зирҳли автомобиллари, оғир артиллерия тизимлари, Brimstoun ракеталари ва Starstreak зенит-ракета мажмуалари. Бундан ташқари, қўшимча танкка қарши ракета мажмуалари;
  • Нидерландия — PzH 2000 русумли гаубицалар ва зирҳли техникалар;
  • Франция — Caesar ўзиюрар артиллерия қурилмалари ва танкка қарши Милан ракета тизимлари;
  • Норвегия — 100 дона Mistral зенит ракета мажмуалари.
НАТО Шарқий Европада мудофаасини кучайтирди. Фото: Getty Images

Бундан ташқари, Финландия ўз армияси ресурсларидаги қуролларни Украинага жўнатишини маълум қилган, Германия эса ўзидаги оғир артиллерия қуроллари ва техникаларни Шарқий Европа мамлакатларига беради, бу мамлакатлар эса ўз ихтиёридаги совет даврига мансуб қуролларни Украинага ўтказади. Бунда украиналик ҳарбийлар НАТО давлатлари қуролларини ишлатишни ўрганиши учун вақт сарфламаслиги режа қилинган.

Европа Иттифоқи Украинага қурол етказиб беришни молиялаштириш учун 450 миллион еврогача маблағ ажратади. Бу ташкилот тарихидаги урушда қатнашаётган мамлакатни қурол билан таъминлаш учун ажратилган биринчи молиявий ёрдам ҳисобланади.

НАТОнинг Шарқий Европада қанча қўшини бор?

Россиянинг Украина ҳудудида ҳарбий ҳаракатлар бошлашидан олдин ҳам шимолда Болтиқбўйи республикаларидан, жанубда Руминиягача бўлган ҳудудларда НАТОнинг ҳарбий кучлари мавжуд эди. Улар 2014 йилда, Россия Қримни аннексия қилганидан кейин жойлаштирилган бўлиб, Россия ҳужуми содир бўлган тақдирда «учбурчак» вазифасини бажаришга мўлжалланган.

НАТОнинг Россия ва Украина билан чегарадош Шарқий Европа давлатларидаги ҳарбийлари сони 40 минг кишини ташкил этади. 100та жанговар самолёт юқори шай ҳолатда туради, 120 та кема, шу жумладан, учта самолётлар ташувчи кемалар гуруҳи узоқ шимолдан шарқий Ўрта Ер денгизигача бўлган ҳудудларда патруллик қилади.

Шунингдек, сўнгги воқеалар фонида Қўшма Штатлар Европага қўшимча қўшин жўнатиш мажбуриятини олди ва НАТО Эстония, Латвия, Литва ва Польшада тўртта кўп миллатли жанговар гуруҳлар тузди, Руминияда эса кўп миллатли бригада ташкил этилди.

Достон Аҳроров тайёрлади.

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top