13:04 / 26.04.2022
4930
Ўзбекистондаги ҳарбий қисмларда «руҳий зўриқишларни ечиш хоналари» ташкил қилинди

Мудофаа вазирлиги ишлаб чиққан режага кўра, замонавий жанг ва ҳарбий можароларни, хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида малакали мутахассислар таркибидан ишчи гуруҳлар тузилган ҳамда жанговар ва жисмоний тайёргарлик меъёрлари тўплами қайта ишлаб чиқилган.

Мудофаа вазирлиги томонидан жорий йил февраль ойида қўшинларда жанговар тайёргарликни ривожлантириш режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда кеча, 25 апрель куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазирлик масъуллари маълум қилди.

Маълум қилинишича, режага кўра, замонавий жанг ва ҳарбий можаролар ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида малакали мутахассислар таркибидан ишчи гуруҳлар тузилган ва тақдим этилган таклифлари асосида ҳуқуқий норматив ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Шунингдек:

  • қўшинлардаги жанговар ва жисмоний тайёргарлик меъёрлари тўплами қайта ишлаб чиқилди. Янги тартибда айрим меъёрларнинг маънан эскирганлиги, қўшинларда қўлланилмаётган эски намунадаги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар, қабул қилинган янги турдаги қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар, ўқув дастурдаги мавзу ва машғулотлар инобатга олинди, шунингдек, меъёрларни бажариш ва баҳолаш тартиби аниқ белгиланди;
  • 2022/23 ўқув йилидан бошлаб Қуролли Кучлар айрим бўлинмаларининг амалий машғулотларини 50  фоизини тунда, 50  фоизини кундуз куни ўтказиш белгиланди.

Ҳарбий-тиббий муассасалар инфратузилмаси ва моддий-техник базасини такомиллаштириш мақсадида ҳарбий-тиббий муассасаларига замонавий тиббиёт ускуналари сотиб олиш учун 84 (саксон тўрт) номланишдаги тиббий жиҳозларнинг техник топшириқлари ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари:

  • Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳудудида замонавий даволаш-диагностика корпусини қуриш ишлари якунланмоқда;
  • ҳарбий-тиббий муассасаларига 73 турдаги 6 231 327 АҚШ долларига замонавий тиббиёт ускуналари сотиб олинди;
  • ҳарбий тиббиёт академияси, академик госпиталь, поликлиника, мобил тиббий отряд, замонавий инновацион ишлаб чиқариш бўлимлардан ташкил топган — ҳарбий-тиббий кластерини яратиш бўйича президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қуролли Кучларда ахлоқий-руҳий таъминотни, ҳарбий психологлар институтини такомиллаштириш ва ҳарбийларнинг жанговар руҳиятини ошириш мақсадида:

  • Қуролли Кучлар академиясида «Ҳарбий психология ва педагогика» мутахассислиги бўйича офицер кадрларни тайёрлаш тизимини жорий этиш;
  • дала ўқув майдонларида «Дала шароитидаги руҳий зўриқишларни ечиш жойлари»ни ташкил этиш;
  • ҳарбий психологларнинг Ўзбекистонда ва етакчи хорижий давлатлар таълим муассасаларида малакасини ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, ахлоқий-руҳий тайёргарлик тизимини такомиллаштириш бўйича 9 та полигонда замон талабига мос равишда мавжуд руҳий барқарорликни шакллантириш йўлаклари, 50 дан ортиқ ҳарбий қисм ва муассасаларда «руҳий зўриқишларни ечиш хоналари» барпо этилди.

Top