11:05 / 28.04.2022
3737
ССВ: Республика онкология маркази директорига хорижлик маслаҳатчилар тайинланди
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази директорига саратон хизматларини стратегик ривожлантириш ва саратон касалликлари миллий регистрини яратиш бўйича 2 нафар хорижлик маслаҳатчи ва 1 нафар мутахассис тайинланди.

ССВ матбуот хизмати маълумотига кўра, жанубий кореялик ушбу мутахассислардан бири – профессор Вон Жа Ли Сеул Миллий университети ва АҚШнинг Алабама университетида таҳсил олган. Машҳур олим Жанубий Кореядан ташқари, халқаро миқёсда, жумладан, Алабама университети ва АҚШнинг Флорида Санитар таълим масалалари бўйича департаментида илмий тадқиқотлар олиб борган.

Шунингдек, маҳаллий ва нуфузли хориж дастурларида ўз тақдимот ва тадқиқот лойиҳалари ҳамда илмий мақолалари билан иштирок этган. Профессорнинг тиббиётга доир 10 дан зиёд китоб ва ўқув қўлланмалари чоп этилган.

У бугунга қадар Корея жамоат саломатлиги ассоциациясининг Кёнги филиали директори ҳамда Корея соғлиқни сақлаш ассоциацияси вице-президенти лавозимларида фаолият юритиб келаётганди.

Маслаҳатчи лавозимига тайинланган яна бир жанубий кореялик мутахассис — профессор Жае-Сук Рим Сеул Миллий университетини тамомлаган. Кейинчалик мазкур олий ўқув юртида ўз илмий фаолиятини давом эттириб, PhD даражасини ёқлаган.

Қолаверса, Жанубий Кореянинг Гуро госпитали ва Ансан касалхоналари билан бир қаторда Япониянинг Токио коллежи, АҚШнинг Алабама университетларида малака оширган. Шу билан бирга, Индонезия, Камбоджа, Марокаш каби Осиё ва Африка мамлакатларида илмий фаолият олиб борган.

У бугунга қадар Жанубий Кореянинг Гачон университети Бизнес бошқаруви олий мактабида Тиббиёт бошқаруви кафедраси профессори сифатида ишлаб келаётганди.

Бундан ташқари, беларуслик Евмененко Алеся Александровна саратон касалликларининг миллий регистри (саратон регистри)ни яратиш ва ушбу соҳани ривожлантириш мақсадида Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказига мутахассис сифатида ишга таклиф этилди.

Маълумот учун, 2023 йилда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий марказининг янги биноси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Мазкур бино 10 қаватли, 650 ўринга эга бўлиб, 16 та жарроҳлик хонаси, 50 беморга мўлжалланган реанимация хонаси, даволаш ва ташхис бўлимларини ўз ичига олади. Шунингдек, 100 койкадан иборат кимётерапия амбулатор хизмати ҳамда 500 нафар беморни қабул қилишга мўлжалланган онкология консултатив-диагностика маркази ҳам фаолият юритади.

Top