12:00 / 28.04.2022
10573
UzAuto давлат раҳбарига қишлоқ хўжалиги техникаларига сервис хизмат кўрсатиш лойиҳасини тақдим этди

Давлатимиз раҳбарининг Косон туманидаги "Бунёдкор" пахта-тўқимачилик кластерига ташрифи давомида Шавкат Мирзиёевга "Агро Теч Кластер" қишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт қисмларни таъминлаш ва техник хизмат кўрсатиш марказлари тармоғи лойиҳаси тақдим этилди. Шунингдек, лойиҳа тақдимотида қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиш ва уларга хизмат кўрсатишнинг рақамли тизими ҳамда коммунал ва сервис хизмат кўрсатиш учун бир қатор махсус техникалар тақдим этилди. 

"Agro Tech Klaser" лойиҳасини амалга ошириш доирасида UzAuto минтақавий дилерлик марказлари негизида қишлоқ хўжалиги техникалари учун эҳтиёт қисмларни таъминлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича 14 сервис марказларини шакллантириш кўзда тутилган. Ҳар бир марказ техник, эҳтиёт қисмлар, сарфланадиган материаллар ва марказлашган cалл-cентер мутахассислари билан таъминланади. Бундан ташқари, марказлар негизида қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш бўйича техник мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади.

Барча ҳудудлардаги фермерларга ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатиш учун "Agro Tech Klaser”нинг ҳар бир ҳудудий бўлинмаси 7-10 тадан мобил сервис хизмат кўрсатиш бригадалари билан таъминланади, биринчи босқичда уларнинг умумий сони 100 тага етказилиши режалаштирилган. Бригадаларни жўнатиш барча зарурий асбоб-ускуналар ва мосламалар билан махсус жиҳозланган Chevrolet Damas автомобилларида амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги техникасига хизмат кўрсатишга ихтисослашган автомобиллар билан бир қаторда аҳолига хизмат кўрсатиш ва уй-жой коммунал хизматлари учун мўлжалланган Damas автомобиллари ҳам намойиш этилди. Махсус асбоб-ускуналар билан жиҳозланган ихчам автомобиллар қийин жойларда янада мобил ва қулай хизмат кўрсатишга имкон беради.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарига истеъмолчиларга қулайлик яратиш ва хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Agro Tech Klaser” мобил иловаси тақдим этилди. Ушбу рақамли ечим қишлоқ хўжалиги техникасини сотиб олиш, субсидиялар олиш учун ариза бериш, эҳтиёт қисмларга буюртма қилиш, cалл-cентерга мурожаат қилиш каби кенг қамровли имкониятларни беради.

“Agro Tech Klaser” лойиҳасининг амалга оширилиши фермер хўжаликлари учун хизматлар турларини сезиларли даражада кенгайтириш, барча ҳудудларда қишлоқ хўжалиги техникаларига тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш имконини беради.

Telegram / Facebook / Instagram / YouTube

Реклама ҳуқуқи асосида

Top