09:28 / 30.04.2022
9681
2050 йилгача Жанубий Америка материги катталигича ер яроқсиз ҳолга келиши мумкин – БМТ

Ҳозир Ер шарининг 40 фоиз тупроғи яроқсиз ҳолга келган. Озиқ-овқат саноатида фойдаланилаётган усуллар чўлланишнинг 80 фоизига сабаб бўлмоқда.

Фото: Getty Images

Ҳозирга қадар Ер шарининг 40 фоиз тупроғи сифатини йўқотган, дейилади БМТнинг сўнгги 5 йиллик ер ҳолати таҳлил қилинган янги ҳисоботида. Унда айтилишича, тупроқ унумдорлиги йўқолиши асосан замонавий қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатидаги усуллар сабаб юзага келган.

Ҳисоботда инсоннинг ерга муносабати тупроқ унумдорлигини пасайтиргани, ернинг карбонат ангидридни тутиб қолиш хусусиятини ўлдириши ва турлар йўқолишига олиб келиши ҳақида сўз боради. Айни дамда чўлланишдан дунё аҳолисининг ярми азият чекмоқда.

Дунёдаги қишлоқ хўжалиги майдонларининг 70 фоизини 1 фоиз фермерлар назорат қилади. 80 фоиз фермерлар ери эса 2 гектарга ҳам етмайди. Ҳар йили қишлоқ хўжалиги субсидияси учун 700 миллиард доллар ажратилади, бироқ унинг атиги 15 фоизи табиатга ижобий таъсир қилади. Озиқ-овқат саноатига Ер юзидаги 70 фоиз сув сарфланади. Озиқ-овқат ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган усуллар эса чўлланишнинг 80 фоизига сабаб бўлади. 

Агар бу одатлар ўзгармаса, 2050 йилгача қўшимча 16 миллион квадрат километр ер деградацияга учраши мумкин. Бу – Жанубий Америка материги ҳажмига тенг деган гап.

БМТ кўпроқ дарахт экиш, қишлоқ хўжалиги ерлари, яйловлардан самарали фойдаланиш йўллари билан чўлланишга қарши курашишга чақирган. 

Top