17:23 / 30.04.2022
25964
Британиялик миллиардер «Челси»ни рекорд суммага сотиб олишини билдирди

Жим Рэтклифф клубни «Реал Мадрид», «Барселона» ёки «Бавария» билан тенг клубга айлантирмоқчи. 

Фото: Martin Rickett/PA Images via Getty Images

Буюк Британиянинг энг бадавлат одамларидан бири Жим Рэтклифф Роман Абрамовичнинг «Челси» клубини сотиб олиш учун 5,3 млрд доллар таклиф қилди. Агар ушбу келишув амалга ошса, бу спорт клубининг тарихда энг қиммат нархга сотиб олиниши бўлади, деб ёзади The New York Times.

Рэтклифф клубни «чиройли ўйин мухлиси сифатида» сотиб олмоқчилигини ва унга даромад олиш воситаси сифатида қарамаётганлигини билдирди. У ўз таклифи доирасида «Челси»га 10 йил давомида 2,1 млрд доллар сармоя киритишга ваъда берди. Маблағлар шунингдек, «Стэмфорд Бридж» стадиони реконструкцияси учун йўналтирилади — бу Абрамовичнинг клубни сотишдаги шарти ҳисобланади.  

«Биз Лондонда шаҳарнинг мақомини акс эттирувчи клуб бўлиши керак деб ҳисоблаймиз», — деди Рэтклифф.  

У клубни «Реал Мадрид», «Барселона» ёки «Бавария» билан тенг клубга айлантирмоқчилигини қўшимча қилди.

Келишув амалга ошадиган бўлса, Рэтклифф яна 3,1 млрд долларни украиналикларни қўллаб-қувватлаш хайрия фондига ажратишни ўз зиммасига олади.  

Forbes Real-Time маълумотларига кўра, Рэтклиффнинг бойлиги 15,2 млрд доллар деб баҳоланади. Рэтклифф Монакодаги OGC Nice футбол клуби ва Швейцариянинг FC Lausanne-Sport жамоасига эгалик қилади.  

Абрамович Буюк Британия унга нисбатан санкциялар киритганидан сўнг «Челси»ни сотувга қўйишга мажбур бўлди. Миллиардер клубга қарийб 20 йил эгалик қилди.

Top