14:00 / 01.05.2022
7712
ССВ: Тиббиёт олий ўқув юрти талабалари ва малакали шифокорларни рағбатлантириш тизими йўлга қўйилди
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Ўзбекистондаги тиббиёт олий ўқув юртлари талабалари учун «Соғлиқни сақлаш вазири стипендияси» таъсис этилди.

ССВ матбуот хизмати хабар беришича, мазкур стипендия бакалавриат ва магистратура босқичида таҳсил олаётган ёшларга берилиши кўзда тутилган.

У ҳар бир тиббиёт олий таълим муассасасининг 5 нафаргача номзодига бир йил мобайнида ажратилади.

Ушбу стипендияга номзодларни саралаш тартиби ва шартлари танлов ўтказилишидан камида 1 ой олдин матбуотда эълон қилинади.

Номзодлар томонидан аризалар мавжуд 11 та тиббиёт олий ўқув юртининг «Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими»га тақдим этилади.

Ҳужжатлар навбатдаги босқичда вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилгач, вазир буйруғи асосида берилади.

Стипендия миқдори Ибн Сино номидаги давлат стипендияси миқдорига тенглаштирилган.

Шунингдек, давлат тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорларини рағбатлантириш тизими ҳам йўлга қўйилди.

Унга кўра, мазкур тизим халқаро рейтингларда тиббиёт йўналишида биринчи 200 таликка кирган олий ўқув юртларининг клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган ва фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимларига татбиқ этилади.

Номзодлар томонидан аризалар муассасанинг кадрлар бўлимига топширилади.

Ҳужжатлар навбатдаги босқичда вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилгач, вазир буйруғи орқали рағбатлантирилади.

Номзодларнинг лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устама вазир буйруғи чиққан кундан бошлаб бир йил давомида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг қуйидаги бараварида белгиланади:

  • клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган тиббиёт ходимига – етти баравари;
  • фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимига – ўн беш баравари.

Қўшимча маълумотлар учун вазирликнинг (71) 239-13-72 телефон рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин.

Top