11:19 / 02.05.2022
12861
Дания ва Швеция ТИВ ҳаво чегаралари бузилгани учун Россия элчиларини чақиртирди

Россиянинг Копенҳаген ва Стокҳолмдаги элчилари Россияга тегишли АН-30 разведка самолёти Дания, кейин эса Швеция ҳаво ҳудудига кирганидан кейин ташқи сиёсат идорасига чақиртирилди.

АН-30 разведкачи самолёти / Фото: Image

Дания ва Швеция ташқи ишлар вазирликлари Россиянинг АН-30 разведкачи самолёти мамлакатлар ҳаво чегараларини бузгани учун Россиянинг Копенҳаген ва Стокҳолмдаги элчиларини чақиртирди, деб хабар қилди уларнинг раҳбарияти 1 май, якшанба куни. 

Расмий маълумотларга кўра, Россия самолёти жума куни кечқурун Даниянинг Болтиқ денгизидаги Борнҳолм ороли шарқида Дания ҳаво ҳудудига кирган, кейин эса Швеция ҳаво ҳудудига ўтган. Дания ташқи ишлар вазири Йеппе Кофод якшанба куни Twitter’да «Россиянинг Дания ҳаво чегараларини бузгани»ни айтиб, «Россия элчиси эртага Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди», деб ёзди. 

Кофод Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари ва Москванинг Дания аъзоси бўлган НАТО билан зиддияти кучайиб бораётганини назарда тутиб, бу «ҳозирги вазиятда мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ва ташвишли ҳолат» эканини қўшимча қилди. 

Дания мудофаа қўмондонлиги матбуот котиби Ҳенрик Мортенсен AFP агентлигига ҳодиса ҳақида маълум қилди. «Бу жуда қисқа вақт давомида бизнинг ҳаво ҳудудимизда бўлган разведка самолёти эди. Даниянинг иккита F-16 самолёти зудлик билан вазиятга аралашди», деди Мортенсен ва бундай ҳодисалар камдан кам содир бўлишини қўшимча қилди. 

Швеция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Россия элчиси Стокҳолмга чақиртирилганини маълум қилди. «Бундай ҳолат бўйича белгиланган тартиб бор. Хусусан, гап бунда иштирок этган мамлакат вакилини Ташқи ишлар вазирлигига чақириш ҳақида кетмоқда», — дейилади унинг баёнотида. 

Дания НАТО аъзоси ҳисобланади. Швецияда эса мамлакатнинг блоксиз мақомидан воз кечиш ва Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши кераклиги ҳақида баҳс-мунозаралар мавжуд. 

Швеция мудофаа вазири Dagens Nyheter газетасининг саволига жавоб қайтариб, қоидабузарлик мамлакатнинг НАТОга қўшилиши бўйича давом этаётган муҳокамаларга алоқадорлиги бўйича ҳеч қандай далил йўқлигини билдирди. 

Россия НАТОга аъзо бўлишни кўриб чиқаётган Швеция ва Финландияга бундай ҳаракатнинг икки томонлама муносабатлар ва Европадаги умумий хавфсизлик учун келтириб чиқарувчи оқибатларини кўриб чиқиши кераклиги ҳақида ишора қилган. 

Top