08:50 / 03.05.2022
4649
Италия нархлар ошишига қарши курашиш учун 14 миллиард евро ажратди 

Фуқароларга бир марталик тўловлар, энергияни кўп ишлатувчи корхоналарга солиқ имтиёзлари берилади. Аввалроқ расмийлар бензинга солиқни литри учун 30 центга пасайтирган эди.

Фото: DPA

Италия ҳукумати энергия, ёнилғи ва озиқ-овқат нархлари кўтарилишидан азият чекаётган фуқаролар ва компанияларнинг аҳволини енгиллаштириш учун 14 миллиард евролик чора-тадбирлар пакетини тасдиқлади. Италия бош вазири Марио Драги душанба, 2 май куни кечқурун бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишидан сўнг, «умуман ялпи ички маҳсулотнинг икки фоизи иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга йўналтирилиши учун» 15,5 миллиард евро миқдоридаги яна бир ёрдам дастури тайёрланаётганини эълон қилди.

Расмийлар «аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва қатор компанияларни қўллаб-қувватлаш ниятида», деди Драги. Бошқа нарсалар қаторида, йиллик даромади 35 минг евродан ошмайдиган 28 миллион италиялик учун 200 евро миқдорида бир марталик ёрдам, шунингдек, энергияни кўп ишлатадиган компаниялар учун солиқ имтиёзлари тақдим этилади. Аввалроқ ҳукумат жорий йилнинг июль ойигача бензин ва дизель ёнилғиси учун солиқни литри учун 30 центга камайтиришни эълон қилган эди. 

Иккала дастур ҳам қисман энергия компаниялари учун қўшимча фойда учун янги солиқ ҳисобига молиялаштирилади. Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари натижасида энергия ва озиқ-овқат нархлари кескин ошиши туфайли Италия иқтисодиёти 2022 йилнинг биринчи чорагида 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 0,2 фоизга қисқарди. 

Top