19:13 / 05.05.2022
3865
Президент Ўзбекистоннинг электрон харитасини йил охиригача ишга туширишни буюрди

Электрон харитага тез ёрдам ва бошқа барча шошилинч хизматлар интеграция қилинади. Келгуси 3 йилда тез тиббий ёрдам автопаркини тўлиқ янгилаш, барча тез ёрдам машиналарини навигация тизимига улаш, шу орқали чақирувларга етиб бориш вақтини 3 баробарга қисқариш вазифаси юклатилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тез тиббий ёрдам машиналарида замонавий навигация жиҳозларининг йўқлиги, 10 мингта кўчаларга ҳалигача ном, 500 мингга яқин уйларга рақам берилмагани учун тез ёрдам бригадаларининг асосий вақти манзилни топишга сарфланмоқда. Бу ҳақда 5 май кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев айтиб ўтди.

Давлат раҳбари 2022 йил охиригача:

  • 10 мингта кўчага ном бериш ишларини якунлаш;
  • Ўзбекистоннинг электрон рақамли харитасини ишга тушириш;
  • электрон рақамли харитани барча шошилинч хизматлар билан интеграция қилишни топширди.

Маълум қилинишича, 2022–2025 йилларда тез тиббий ёрдам тизимидаги барча “Дамас” ва бошқа эскирган машиналар замонавий автомобилларга алмаштирилади.

Хусусан, 2022 йилда 890 та, 2023 йилдан бошлаб ҳар йили 450 тадан янги автомобиль, жумладан, реанимация машиналари олиб берилади. Барча тез ёрдам транспортлари навигация тизимига уланади.

Бу мақсадлар учун тез тиббий ёрдамга бюджетдан ажратилаётган маблағларни очиқ-ошкора сарфлаш тизимини яратиш, иқтисод қилинган маблағларни транспорт паркини янгилашга йўналтириш зарурлиги айтилди.

Натижада келгуси 3 йилда тез тиббий ёрдам автопарки тўлиқ янгиланади. Бунинг натижасида чақирувларга етиб бориш вақти 3 баробарга қисқариши кутилмоқда.

“Ўзавтосаноат” олдига жорий йилда олиб берилиши лозим бўлган машиналарни ўз вақтида ишлаб чиқариб, етказиб бериш вазифаси қўйилди.

Top