18:39 / 11.05.2022
11866
Июн ойида ўзбекистонликларни қандай об-ҳаво кутаётгани маълум қилинди

Июн ойида республиканинг аксар қисмида ёғингарчилик меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда. Айрим вилоятларда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 1-2 даража юқори бўлади.

Фото: KUN.UZ

Ўзгидромет бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев июн ойида кутилаётган маслаҳатомуз об-ҳаво прогнозини маълум қилди. Унга кўра, Қорақалпоғистон, Хоразм ва Навоий вилоятининг шимолий туманларида ҳавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёрдан 1-2 даражага юқори бўлиб, 26-28 даражани ташкил қилади.

Ой давомида ҳарорат кечалари 20-25 даражадан 13-18 даражагача, кундуз кунлари 36-41 даражадан 27-32 даражагача ўзгариб туриши, айрим кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро вилоятлари ва Навоий вилоятининг жанубий туманларида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-2 даражага юқори бўлиб, 25-30 даражани ташкил этади.

Ой давомида ҳарорат кечалари 18-23 даражадан 12-17 даражагача, кундуз кунлари 34-39 даражадан 29-34 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ойлик ёғин миқдори меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ўртача ойлик ҳарорат меъёр атрофида бўлиб, 26-29 даражани ташкил этади. Кечалари 21-26 даражадан 15-20 даражагача, кундуз кунлари 37-42 даражадан 31-36 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам бўлиши кутилмоқда.

Фарғона водийсида ўртача ойлик ҳарорати меъёр атрофида бўлиб, 24-27 даражани ташкил этади, ҳарорат кечалари 17-22 даражадан 12-17 даражагача, кундуз кунлари 32-37 даражадан 27-32 даражагача ўзгариб туриши мумкин. Ойлик ёғин миқдори меъёрдан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлиши кутилмоқда.

Top