23:14 / 06.10.2022
5067
Тўқаев Қозоғистон президентлигига халқ коалициясидан номзодини қўйишга рози бўлди

Қосим-Жўмарт Тўқаев ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президент сайловида иштирок этишга рози бўлди. Унинг номзоди яқинда тузилган халқ коалициясидан қўйилади. Аввалроқ, Тўқаевнинг ўзи Қозоғистонда навбатдан ташқари сайлов ўтказишни таклиф қилган эди.

Фото: akorda.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 20 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президент сайловида халқ коалициясидан иштирок этишга розилик берди.

«Турли жамоат ташкилотлари менга ушбу сайловда номзодимни қўйишни таклиф қилишди. <…> Президент сайловида иштирок этиш мен учун катта шараф ва масъулият... Коалиция таркибига етакчи сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари ва ҳаракатлар киргани жуда муҳим. Шундай асосда коалиция барча ижтимоий қатламларни қамраб олди», — деди Тўқаев ва давлат раҳбари бир партияга устунлик бермаслигини, сиёсий жиҳатдан бетараф бўлиши кераклигини қўшимча қилди.

6 октябрь куни парламентдаги учта партия – «Аманат», «Ак Жол» ва Қозоғистон Халқ партияси ўз қурултойида амалдаги давлат раҳбарини муддатидан олдин ўтказиладиган президент сайлови учун номзод сифатида кўрсатди. «Аманат» раҳбари Ерлан Кошанов Тўқаев номзодини илгари суриш учун уни қўллаб-қувватловчи сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмаларининг халқ коалицияси тузилгани ҳақида маълум қилди.

Тўқаев 2019 йилда Қозоғистоннинг биринчи президенти, мамлакатни 1990 йилдан бери бошқариб келган Нурсултон Назарбоев истеъфога чиққанидан сўнг президентлик лавозимини эгаллаган эди. 

2022 йил январь ойида Қозоғистонда бўлиб ўтган норозилик намойишларидан сўнг, Тўқаев Конституцияга ўзгартириш киритиш ташаббуси билан чиқди. Унда давлат раҳбари фақат бир маротаба, етти йиллик муддатга сайланиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Илгари президент беш йилга сайланган, бироқ қайта сайланиш ҳуқуқига эга эди.

Шундан сўнг, Тўқаев ноябрь ойида, муддатидан икки йил олдин навбатдан ташқари президент сайловини ўтказишни таклиф қилди.

Top