11:09 / 14.10.2022
2638
Жаҳон божхона ташкилоти халқаро конференцияси Ўзбекистонда ўтказилиши мумкин

Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси раиси ва Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Брюсселда ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Фото: Dunyo

Давлат божхона қўмитаси раиси Акмал Мавлонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий сафар билан Бельгияда бўлди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Сафар доирасида Акмал Мавлонов ва Жаҳон божхона ташкилоти бош котиби Кунио Микурия билан икки томонлама музокаралар ўтказди. Ўзбекистон томони Жаҳон божхона ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида бир қатор таклифларни илгари сурди.

Кадрлар тайёрлаш ва инсон ресурсларини ривожлантириш йўналишларида Жаҳон божхона ташкилоти мутахассисларининг Ўзбекистон божхона органлари ходимлари ўқув жараёнидаги иштирокини кучайтириш, Жаҳон божхона ташкилоти ҳудудий ўқув марказларида Божхона институти профессор-ўқитувчилари учун мунтазам амалиётларни йўлга қўйиш, Жаҳон божхона ташкилотининг навбатдаги PICARD нуфузли халқаро конференциясини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи билдирилди.

Жаҳон божхона ташкилотида Давлат божхона қўмитаси ходимлари аккредитациядан ўтиши ва доимий тарзда мазкур ташкилотда фаолият олиб боришлари масаласи учрашувда муҳокама қилинди. Ташкилот доирасида халқаро даражадаги йирик тадбирларни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифи илгари сурилди. Кунио Микурия мазкур таклифларни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Top