07:49 / 31.10.2022
6238
Германия: Россия «ғалла битими»га қайтиши керак

Ливан, Нигер ёки Бангладеш аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлиги Россия президентининг ҳарбий режаларига боғлиқ бўлмаслиги керак, деди Бербок.

Фото: PAP / FILIP SINGER / POOL

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Россияни Қора денгиз ташаббуси доирасида Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга чақирди. Тегишли баёнотни Германия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари 30 октябр, якшанба куни Берлинда Қозоғистонга учишидан олдин берди.

«Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар очликдан қийналмоқда, Россия эса яна ғалла таъминотини хавф остига қўймоқда. Буни тўхтатиш керак», - дейди Бербок. «Ливан, Нигер ёки Бангладешдаги оилалар кейинги тушлик учун пул тўлай олиши Россия президентининг ҳарбий режаларига боғлиқ бўлмаслиги керак», — дея қўшимча қилди у.

Германия вазирининг сўзларига кўра, июль ойида келишув тузилганидан буён Украинадан 9 миллион тонна ғалла жаҳон бозорига чиқди ва дон нархи мақбул даражага тушди.

Бербокнинг қўшимча қилишича, ҳозирда ўнлаб кемалар Украинадан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб чиқиш учун рейсларни амалга оширмоқда. «Биз Россияни ушбу кемаларга хавф солмасликка ва халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятларини бажаришга қайтишга чақирамиз», деди у.

Россия «ғалла йўлаги»ни тўсиб қўйгани сабабли Украина ғалла экспортини тўхтатишга мажбур бўлди. Украина инфратузилма вазири Александр Кубраковнинг сўзларига кўра, 30 октябр куни Ikaria Angel юк кемаси Украина портини тарк эта олмади. БМТ томонидан Жаҳон озиқ-овқат дастури доирасида ижарага олинган кема Эфиопияга 40 минг тонна дон етказиб бериши керак эди. «Ушбу маҳсулотлар очлик ёқасида турган Эфиопия халқи учун мўлжалланган эди. Аммо Россия «ғалла йўлаги»ни тўсиб қўйгани учун уни экспорт қилишнинг иложи йўқ», — деб ёзди Кубраков Twitter саҳифасида.

НАТО 30 октябрь куни Москвани БМТ воситачилигидаги келишувни зудлик билан янгилашга чақирди. «Президент Путин озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишни бас қилиши ва Украинага қарши ноқонуний урушини тугатиши керак», деди альянс матбуот котиби Оана Лунгеску. «Биз Россияни ўз қарорини қайта кўриб чиқишга ва озиқ-овқат энг муҳтожларга етиб бориши учун шартномани зудлик билан қайта тиклашга чақирамиз», деди у. Лунгескунинг сўзларига кўра, НАТОнинг барча иттифоқчилари бир вақтлар Туркия ёрдами билан эришилган келишувни олқишлаган. «Ушбу экспорт бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат нархларини туширишга ёрдам берди», дея қўшимча қилди Лунгеску.

29 октябр куни Россия Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича Қора денгиз ташаббусини амалга оширишни номаълум муддатга Қора денгиз флотининг Қрим ва Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасидаги кемалари ва инфратузилмасига ҳужум муносабати билан тўхтатиб қўйди.

30 октябр куни Германия ташқи ишлар вазирининг Қозоғистон ва Ўзбекистонга уч кунлик сафари бошланди. Остонада Бербок қозоғистонлик ҳамкасби Мухтор Тлеуберди билан музокаралар ўтказишни режалаштирган. Тошкентда вазир Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан музокаралар ўтказиши ва немис-ўзбек таълим марказига ташриф буюриши режалаштирилган. Шундан сўнг Бербок Самарқанд шаҳрида Германия кўмагида қурилаётган ирригация тизимларини кўздан кечиради.

Анналена Бербокка сафарда энергетика ва инфратузилма соҳаси мутахассисларидан иборат делегация ҳамроҳлик қилади, дея хабар берди Германия Ташқи ишлар вазирлиги.

Бербок Марказий Осиё республикаларига ташрифидан сўнг Германиянинг Мюнстер шаҳрида бўлиб ўтадиган "Катта еттилик" мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари саммитига боради. Учрашувнинг асосий мавзулари Россиянинг Украинага бостириб кириши, Хитой ва Эрон билан муносабатлар бўлади, деб хабар қилди Германия ТИВ матбуот хизмати.

Марказий Осиё ва Африка давлатлари билан алоқаларни ривожлантириш ҳам кун тартибидаги масалалардан. Саммитда Африка ташқи ишлар вазирлари ва Африка иттифоқи вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top