11:36 / 01.11.2022
86138
Ноябр ойи учун об-ҳаво прогнози эълон қилинди

Ноябр ойи одатдагидан бироз қуруқроқ ва совуқроқ бўлиши тахмин қилинмоқда.

Фото: KUN.UZ

“Ўзгидромет”нинг дастлабки баҳолашига кўра, 1 ноябр куни республиканинг барча ҳудудларида 17-20 даража илиқ бўлган қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво кутилмоқда. Бироқ 2 ноябрдан республика бўйича ҳаво совуқлашади, ҳудудларнинг катта қисмида ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Кейинчалик Ўзбекистонда ноябр ойининг биринчи ҳафтаси давомида беқарор об-ҳаво кутилмоқда, 12-15 даража илиқ атрофида бўлган нисбатан салқин ҳарорат фонида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, нисбатан сезиларли совуқ тушади.

Кейинчалик илиқ ва совуқ тўлқинлар бир-бири билан ўрин алмашади ва ҳарорат кечалари 5-8 даража илиқдан 2-5 даража илиққача, кундуз кунлари 15-18 даража илиқдан 5-8 даража илиққача ўзгариб туради. Ёғингарчилик асосан ёмғир кўринишида бўлади, совуқ даврларда қорга айланади.

Маълумот учун, айрим йилларда ноябр ойининг энг илиқ кунларида ҳаво ҳарорати 22-27 даражагача кўтарилади. Бироқ кўпинча ойнинг биринчи ярмида кундузги ҳарорат 13-18 даража, иккинчи ярмида эса 8-13 даража атрофида бўлади. Ўтган 50 йилда Ўзбекистон ҳудудида ноябр ойида жуда қаттиқ совуқ кузатилмаган. Фақат 2016 ва 2020 йиллардаги ноябр ойларининг сўнгги ўн кунлигида ҳарорат 9-12 даража совуққа, шимолда 20-23 даража совуққа етди.

 

Мавзуга оид
Top