23:35 / 28.11.2022
3466
Маск Twitter тармоғида белгилар чегарасини оширмоқчи 

Илон Маск Twitter платформаси белгилар сонига қўйилган чекловни юмшатиш устида ишлаётганини тасдиқлади. 

Фото: AP

Twitter бош директори Илон Маск яқин келажакда ижтимоий тармоқ постларидаги белгилар чегарасини 280 дан 1000 тага оширишни режалаштираётганини айтди. 

У Twitter фойдаланувчисининг таклифига жавобан ўз режаларини маълум қилди. «Ҳа, бу менинг вазифаларим рўйхатида», деди Маск. Илгари миллиардер белгилар сонини 420 тага етказиш ҳақида гапирган эди. 

Twitter платформасини 44 миллиард долларга сотиб олганидан бир неча кун ўтгач, Маск фойдаланувчиларга узунроқ твитлар ва видеоларни жойлаштиришга рухсат беришга тайёрлигини айтди. 

Twitter ҳозирда битта постни 280 та белги билан чеклайди, бироқ фойдаланувчилар белгилар сонини кўпайтириш масаласида иккита қарама-қарши тарафга ажралган. 

Дастлаб, ижтимоий тармоқдаги битта пост 140 белги билан чегараланган эди. Лимит тарафдорлари фикрича, чегара фикрлар ва баёнотларни янада аниқроқ шакллантиришга ёрдам беради, шунингдек, кўпроқ фойдаланувчиларнинг хабарларини қисқа вақт ичида ўқиш имконини яратади. 

Аввалроқ, Маск яқин орада фойдаланувчилар постига узунроқ матнларни бириктириш имкониятини жорий қилиш ниятида эканини айтган эди. 

Top