10:37 / 17.12.2022
13097
ISW: Путин Минскка ташрифи чоғида Лукашенкога босим ўтказмоқчи

ISW экспертларининг фикрича, Россия президенти Беларус раҳбаридан интеграция бўйича ён беришни, шунингдек, Украинага қарши янги ҳужум учун шароит яратишини кутмоқда. 

Фото: ТАСС

Россия президенти Владимир Путин Минскка бўлажак ташрифи чоғида Беларус раҳбари Александр Лукашенкога икки давлат интеграцияси бўйича имтиёзларга эришиш учун босим ўтказиш ниятида. Бундай фикрни 16 декабрь, жума кунги хулосасида Америка урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари билдиришди

Қайд этилишича, Кремль Беларус устидан Россия назоратини ўрнатиш учун Иттифоқ давлатидан фойдаланишга интилмоқда. ISW маълумотларига кўра, Лукашенко ўнлаб йиллар давомида қилганидек, Путиннинг талабларини рад этиш учун аллақачон ахборот майдонида шароитларни яратишга киришган. 

Минскка ташриф Путин 2023 йил қишида Украинада - эҳтимол мамлакат шимолида ёки Киевда янги ҳужум учун шароит яратишга уринаётганидан далолат бериши мумкин, деб ёзади экспертлар. Ҳозирда ISW Россиянинг Украинага Беларусдан бостириб кириши хавфини паст, аммо юз бериши мумкин деб баҳоламоқда. 

Бироқ Путин ва Лукашенко ўртасидаги учрашув ҳеч бўлмаганда «Украинанинг иродасини ва Ғарбнинг Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини синдиришга қаратилган алоҳида Россия ахборот операциясига ёрдам беради», дейилади хабарда. «Ушбу учрашув украиналиклар ва ғарбликларни Россия Украинага Беларусдан ҳужум қилиши мумкинлигига ишонтиришга қаратилган Россиянинг ахборот операциясини кучайтиради», деб таъкидлайди ISW. 

Владимир Путин 19 декабрь куни Минскка амалий ташриф билан боради ва у ерда Александр Лукашенко билан музокаралар ўтказади. Бу Путиннинг Беларусга уч йилдан ортиқ вақтдан бери – 2019 йил июнидан бери биринчи ташрифи. 

«Музокаралар чоғида Россия-Беларус стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий масалаларини, шунингдек, Иттифоқ давлати доирасида интеграциявий ҳамкорликка эътибор қаратиш, шунингдек, халқаро ва минтақавий кун тартибининг долзарб масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган», - деб хабар берди Кремль матбуот хизмати.

Лукашенко, ўз навбатида, Путин билан учрашувда ҳарбий-сиёсий масалалар ҳам муҳокама қилинишини айтди. «Биз нафақат ҳарбий-саноат комплекси масаласини четлаб ўтмаймиз, балки мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги ҳақида ҳам гаплашамиз. Лекин асосийси - иқтисодиёт», - деди у Беларус-Россия ҳамкорлиги бўйича йиғилишда. Бу ҳақда БелТА давлат агентлиги хабар берди. 

Top