Ҳукуматнинг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, ҳуқуқбузарлик содир этиш ва ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш (ижтимоий-профилактика тадбирлари) бўйича давлат органлари ва ташкилотлари билан электрон ахборот алмашиш тизими йўлга қўйилади.

Ижтимоий-профилактика тадбирлари «маҳалла еттилиги» — маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ва солиқ инспектори томонидан амалга оширилади.

Уларга бу борада меҳнат органи ходими, тиббиёт ходими, мактаб директори, психологи, инспектор-психолог, шунингдек, ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилувчи субъектларнинг мурожаатига асосан туман (шаҳар) даражасидаги тегишли давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари кўмаклашади.

Ижтимоий-профилактика тадбирлари қуйидаги шахсларга нисбатан амалга оширилади:

- ҳуқуқбузарлик содир этиш эҳтимоли бўлган шахслар:

- банд бўлмаган, даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз шахслар;

- спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддаларга қарам бўлиб қолган шахслар;

- қимор ва бошқа таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга ружу қўйган шахслар

- ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар;

- қаровсиз ва назоратсиз қолган вояга етмаганлар;

- ишсиз ёшлар ва мактаб битирувчилари;

- ажралиш ёқасига келиб қолган ва низоли оилалар;

- ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар;

- мунтазам тазйиқ ва зўравонликка учраб келаётган аёллар;

- тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган шахслар.

Шу билан бирга, ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли мумкин бўлган шахслар, яъни парваришга муҳтож ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган ва оғир касалликка чалинган шахсларга нисбатан ҳам ижтимоий-профилактика тадбирлари амалга оширилади.