Жамият | 13:03 / 29.04.2020
48226
11 дақиқада ўқилади

Қўштепа ҳокими тадбиркорни енгиш учун яна нималар қилмоқда? Карантин вақтидаги шошилинч суд ва ҳокимнинг ноқонуний қарори

Фарғона вилоятининг Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» фермер хўжалиги раҳбари, чорвадор Абдуманноб Қосимов ва Қўштепа туман ҳокими Илёс Новиков ўртасидаги низоли вазият деярли икки йилдан бери давом этиб келмоқда.

Чорвадор ва мансабдор ўртасида узоқ давом этган бу «жанг»да туман ҳокимининг «қўли баланд» келиб турибди. Олий судда «мағлубиятга учраган» ҳоким тадбиркорни таъқиб қилишни давом эттирди ва қайсидир маънода ўз мақсадига эришди ҳам.

Ҳоким қандай қилиб фермер билан қасдлашиб қолгани ҳақидаги яқин ўтмишни ёдга оламиз.

 Чет элдан наслли қорамол олиб келиб балога қолган чорвадор...

2019 йил 15 март куни Kun.uz сайтида Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳудудида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермасидаги муаммолар ҳақида илк мақола эълон қилинди.

Унда фермер хўжалиги манзилли дастур асосида 2018 йили Германиядан, ҳар бирининг нархи 2070 евро бўлган 99 бош наслли қорамол олиб келгани, бироқ туман ҳокимлиги томонидан озуқа етиштириш учун гиёҳ ҳам ўсмайдиган, нобоп ер майдони берилгани, бунинг оқибатида озуқа-ем тақчиллиги юз бериб, қорамоллар нобуд бўла бошлагани баён қилинган эди.

Аслида туман ҳокимлиги томонидан чорвадорга чет элдан қорамоллар олиб келингач «Олимбой ҳожи» хўжалиги тасарруфида пахта ва ғалла экиладиган 58 гектар ерни чорва учун ем-озуқа етиштиришга берилишини айтилган эди.

Чорвадор сайт таҳририятига мурожаат қилишидан мақсад, туман ҳокими бор муаммо билан тўлиқ танишса, аграр соҳадаги энг қийин йўналишлардан бири чорвачиликка эътибор қаратар, деб ўйлаганида бўлди. Иш эса тескарисига кетади.

Мақола эълон қилингач, Қўштепа тумани ҳокими И.Новиков туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилиб, гўёки «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов наслли молларининг ўлимига озуқа етишмаслиги, унга қумлоқ жойдан ер ажратилгани ва бошқа важлар билан унга нисбатан туҳмат қилганидан арз қилади.

Ишни ярим-чала ўрганган ва кимсан Қўштепа ҳокими И.Новиковнинг чизган чизиғидан чиқиб кета олмаган ИИБ профилактика инспектори эса «ўз вазифасини аъло даражада уддалаб», А.Қосимовни туман ҳокимига нисбатан туҳмат қилганликда айбли деб топади ва ишни маъмурий судга оширади.

Қўштепа тумани маъмурий суди мазкур ишни 22 май куни очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, А.Қосимовни ҳоким И.Новиковга туҳмат қилган деб топади ва энг кам иш ҳақининг 2 баравари миқдорида маъмурий жарима қўллайди. https://kun.uz/news/2019/07/01/fargona-tong-otguncha-yoki-fermerning-arz-dodlari-oziga-toqmoq-bolib-qaytgani-haqida

Чорвадорнинг Қўштепа маъмурий суди қароридан норози бўлиб ёзган шикоятини вилоят маъмурий суди ўзгаришсиз қолдиради. Ўзининг ҳақлигига ишонган А.Қосимов адолат истаб Олий суд остонасига бош уради.

Иш тафсилотларини ҳар томонлама ва холис кўриб чиққан Олий суд судьяси М.Назаров 2019 йил 9 декабрь куни қарор қабул қилди. Унга кўра, Қўштепа туман ва Фарғона вилоят маъмурий судларининг қарорлари бекор қилиниб, МЖтКнинг 271-моддаси 1-қисмига асосан А.Қосимовнинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқ деб топилди ва унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати тугатилди.

Қўштепа ҳокими чорвадорни яна судга берди

Қўштепа тумани ҳокими Олий судда ютқазганидан сўнг «Олимбой ҳожи» хўжалиги раҳбарини бу сафар Марғилон туманлараро иқтисодий судига бериб, фермер хўжалигининг шартномавий режаларни бажармаётгани учун ер участкасининг ижарасини бекор қилишни сўради. Унинг мақсади, фермер хўжалигининг мавжуд 57 гектар ерини тортиб олиш эди. «Олимбой ҳожи» фермер хўжалиги наслли қорамолларни боқиш учун шу ерларда ем-озуқа етиштираётган эди. Хўжалик  туман ҳокимлиги томонидан 150 бош қорамолни боқиш учун ем-озуқа етиштиришга ер берилмаганидан сўнг, мавжуд ер майдонига ғалла ва чорва учун озуқа бўладиган экинлар эккан. Ахир нима қилсин?   

Марғилон туманлараро иқтисодий суди биринчи бор судни 24 март кунига белгилади. Ўша кунги суд жараёнини ёритиш учун Kun.uz мухбирлари ҳам боришди. Судья бизни суд мажлисига киргизмасликка роса уринди. Ҳатто, Олий Суд томонидан, «Мухбирлар судга киритилмасин», деган топшириқ бор деб, қандайдир ҳужжат ҳам кўрсатди. Узоқ тортишувлардан сўнг рухсат олдик. Ўша куни суд узоқ давом этмади. Судья ҳужжатлар етарли эмас эканлиги боис суд мажлисини 31 март кунига қолдирди. Бу орада карантин кучайди. Жавобгар дейилаётган А.Қосимов судга «Карантин сабабли йўллар беркилган. Адвокатим суд мажлисида қатнаша олмайди», дея ариза билан мурожаат қилди.

 Олий суд раёсати қарорига бўйсунмаган Марғилон туманлараро иқтисодий суди фақат мансабдорларга бўйсунадими?

 Бироқ суд 31 март куни бўлиб ўтди. Судда Қўштепа туман ҳокимлиги даъвоси қаноатлантирилди.

Суд нега бундай тезкор тарзда  ўтказилишини тушуна олмадик.

Чунки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раёсатининг 2020 йил 20 март кунги «Ўзбекистон Республикаси судларида Covid-19 коронавирус инфекциясини тарқалишининг олдини олиш тўғрисида» қарорига мувофиқ мамлакат судларида фуқароларнинг шахсий қабули, суд жараёнлари, сайёр суд мажлислари тўхтатилган эди.

Раёсат қарори 2-бандида, «Судлар томонидан фақат кечиктириб бўлмайдиган тоифадаги - қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш муддатини узайтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, маъмурий қамоққа олиш каби ва шунингдек суд буйруғи тартибидаги ишлар кўрилсин», дея ёзиб қўйилган.

Марғилон туманлараро иқтисодий суди мазкур раёсат қарорини ўқимаган ёки ўқиган бўлса ҳам ҳар доимигидек маҳаллий ҳокимликнинг босимига бардош бера олмаган кўринади. Бир сўз билан айтганда, Марғилон туманлараро суд мажлиси Олий суд раёсати қарорига зид равишда ўтказилди. Ёки суд мансабдорлар таъсирини Олий суд раёсати қароридан устун кўрган.

Маълумки, судлар жамиятда қонунчиликни таъминлайдиган орган. Сўнгги пайтларда Фарғонада қонунлар фақат мансабдорлар фойдасига ишлаётгани боис бир қатор суд қарорлари Олий судда синаётганидан хабардормиз. 

Ҳоким қонундан устунми?

Олий суд раёсати қарорига зид равишда ўтказилган Марғилон туманлараро судининг ҳал қилув қарори чиққан куннинг эртасига, 1 апрель куни  Қўштепа тумани ҳокими И. Новиков «Олимбой ҳожи» фермер хўжалиги билан ер участкасини ижарага олиш шартномаси бекор қилиниши муносабати билан умумий ер майдони 66 гектар, шундан экин майдони 57,4 гектар ер майдонини туман захирасига қайтариш ва тендер комиссияси ўтказиш ҳақида 203 – сонли қарорини чиқарди.

Қўштепа туман ҳокими мазкур қарори эса ноқонуний ҳисобланади. Чунки, қарорга асос қилиб олинган суднинг ҳал қилув қарори ҳали кучга кирмаган эди. Иқтисодий процессуал кодексининг 192-моддасига кўра ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.

«Олимбой ҳожи» хўжалиги раҳбари эса апелляция тартибидаги шикоятини бериб бўлган. 

23 апрель куни эса «Олимбой ҳожи» хўжалигига Қўштепа туман ҳокимининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Ф.Ўринов ва «FERGANA GLOBAL TEXTILE» жамияти вакили келади. Уларнинг қўлида туман ҳокимининг «Олимбой ҳожи» хўжалигига тегишли ерларни тендерда ғолиб чиққан «FERGANA GLOBAL TEXTILE» жамиятига ажратиб берилгани ҳақида қарори бор эди. Уларнинг билдиришича, «Олимбой ҳожи» фермер хўжалигининг белга уриб турган буғдойлари ҳайдатилиб, унинг ўрнига чигит экилар экан.    

Энди, «ҳоким бува» ҳар куни гоҳ ўринбосарини, гоҳ туман ички ишлар бошлиғи ўринбосарини жўнатиб, А.Қосимовга «Тезроқ буғдойни йўқотинг. Бу ерга пахта экилади», деган топшириғини етказмоқда.

Фермер: «Экишга ер йўқ бўлгач, қорамолларимни ҳокимият биносига олиб бориб бераман»

«Ҳозирги кунда Германиядан олиб келинган моллар яхши сут беряпти. Булар кўпайиш арафасида. Йил охирида 50 бош сигир кўпайиши ҳисобига 100 бош сигир ва 70 бош бузоқчани сақлаб қолдик. Ҳозир 170 бош бўлди. Чорва ҳайвонлари учун ер ажратиб бериш бўйича вилоят, туман ҳокимликларига ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилдим. Март ойида туман ҳокимлиги ўша 56,7 гектар ерни захирага олиш тўғрисида Марғилон шаҳар туманлараро иқтисодий судига ариза берди. Карантин туфайли адвокат келолмаслиги ҳақида ариза ёзиб мурожаат қилишимга қарамай, 31 март кунги қарор билан ерни туман ҳокимлиги захирасига олишди. Судья «бир ой муддат ичида норози томонлар шикоят тарзида мурожаат қилишга ҳақли», деди.

Менинг еримга эълон бериб, тендер асосида бошқа тадбиркорга бериб юборишаётгани маълум бўлди. Энди шунча чорва ҳайвонларини қандай қилиб боқаман? Мана, икки йил ичида мен мурожаат қилмаган ташкилот ва идора қолмади. Ишчи ўрни яратиб, чорва ҳайвонини боқиб, азобда қолдик. Ахир, ҳайвонларнинг ҳам уволи бор. Энди қорамолларни қандай қилиб боқаман? Ўзи Марғилондан 50 километр масофадан қатнаб ишлайман.

Энди чорва ҳайвонларини туман ҳокимлигига ҳайдаб олиб бориб, «Мана, қорамолларни ҳам  ерга қўшиб олаверинглар» деб, ташлаб келишдан бошқа иложим қолмади», дейди чорвадор.

Мавзу юзасидан суриштирувларни давом эттирамиз ва тез кунларда Қўштепа туман ҳокими билан мақолада кўтарилган мавзу юзасидан интервью уюштиришга ҳаракат қиламиз. Ҳоким И.Новиков бу таклифимизга қаршилик билдирмайди ва рози бўлади деб умид билдириб қоламиз.

Элмурод Эрматов

Мавзуга оид