Иқтисодиёт | 14:51 / 11.12.2022
31043
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон билан газ бўйича ҳамкорлик ғоясида геосиёсий ўйинлар йўқ — Лавров

Россия ташқи ишлар вазири Ўзбекистон ва Қозоғистон иштирокида уч томонлама газ иттифоқи тузилиши борасидаги хабарларга муносабат билдирди. Ўзбекистон томони энергия ресурслари импорти фақат тижорий асосларда амалга оширилишини маълум қилган.

© Sputnik / Максим Блинов

Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида «газ иттифоқи» тузиш ғоясида ҳеч қандай геосиёсий ўйинлар йўқ. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Қозоғистоннинг «Хабар 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди. Видео Россия ТИВнинг Telegram-каналида жойлаштирилган.

«Айни вақтда Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида газ бўйича «уч томонлама» лойиҳа шакллантириш ташаббуси муҳокама қилинмоқда. Таҳлилчилар, айниқса Ғарбдагилар дарҳол бу қандайдир сиёсий ёки геосиёсий «ўйин» экани ҳақида гапира бошлашди. Бу ерда ҳеч қанақа «ўйин» йўқ», – дея Лавровнинг сўзларини келтирган РИА Новости.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатлар умумий газ ташиш тизимига эга ва барча томонлар мавсумий пиклар туфайли таъминот узилиб қолмаслигидан манфаатдор.

«Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон – умумий газ ташув тизимига эга қўшнилардир. Улар газ истеъмолининг мавсумий юқори чўққиларини ҳисобга олган ҳолда газ таъминоти узилиб қолмаслигидан манфаатдор. Шу кунларда Ўзбекистонда кутилмаганда электр энергиясида кескин тақчиллик юзага келгани ҳақидаги хабарни ўқиб қолдим. Мана, ҳеч қандай сиёсийлаштирмасдан, мафкуравийлаштирмасдан ўз имкониятларимиздан фойдаланиб, фуқароларимиз манфаатлари йўлида амалий масалаларни ҳал қилишимиз керак бўлган аниқ мисол», – дея қўшимча қилган Россия ТИВ раҳбари.

  • Эслатиб ўтамиз, 28 ноябр куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Москвага ташрифи вақтида Россия президенти Владимир Путиннинг газ иттифоқи ғояси ҳақида гапирган эди. Тўқаевнинг сўзларига кўра, Путин Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия иштирокида газ иттифоқи ташкил этишни таклиф қилган ва бу масалада Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга қўнғироқ қилишини айтган.
  • 29 ноябр куни Тўқаевнинг матбуот котиби Руслан Желдибай гап Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокидаги уч томонлама газ иттифоқи ҳақида бораётгани, унга кўра Россия газининг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудуди орқали транспортировка қилинишини мувофиқлаштириш назарда тутилганини айтди.
  • Кейинроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Президентлар, расмий релизга кўра, «Марказий Осиё минтақасидаги амалий ҳамкорлик масалалари» бўйича фикр алмашган.
  • Қозоғистон томони бу ҳозирча таклиф экани ва у кўриб чиқилишини айтмоқда. Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак Ўзбекистон бу иттифоқ ғоясига гўёки «қизиқиш билдиргани»ни иддао қилган
  • 7 декабр куни эса Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маҳаллий ОАВ учун берган интервюларида республика ўз манфаатларини ҳеч қачон хавф остига қўймаслиги, қўшни мамлакатлар билан газ бўйича келишув бўлса ҳам, импорт қандайдир алянс ёки иттифоқ орқали эмас фақатгина тижорий олди-сотди шартномалари орқали амалга оширилиши, бунда бирор сиёсий шарт қўйилишига йўл қўйилмаслигини билдирди.
  • Кремл расмийси Дмитрий Песков ҳам алоҳида тижорий шартномалар тузилган учтомонлама ҳамкорлик таклифи газни сиёсий шартларга алмаштиришни назарда тутмаслигини билдирди.

Мавзуга оид