Ўзбекистон | 21:02 / 11.05.2022
43658
7 дақиқада ўқилади

Имтиёзлар гулдастаси – ОТМларга ўқишга киришда кимда қандай имтиёз бор?

“Мард ўғлон”, “Ниҳол” ва Зулфия номидаги мукофотлар эгалари, турли-туман танловлар ғолиблари, орган ходимлари ва ўрмончиларнинг фарзандлари, ҳоким ёрдамчилари ва муайян ҳудуд ёшлари учун эксклюзив имтиёзлар. Олий таълимга киришда бериладиган имтиёзларнинг тури ҳам, уларнинг берилиш шакллари ҳам ҳар хил: баъзилари грант учун, баъзилари контрактга, баъзилари сиртқи таълимга, баъзилари исталган таълим шаклида ўқишга берилади.

Фото: Kun.uz

Президент қарори билан коррупцияга мойил муносабатларни бартараф этиш бўйича чоралар дастури тасдиқланди.

Дастурга кўра, ОТМларга ўқишга кириш учун бериладиган имтиёзлар рўйхати ягона ҳужжатда шакллантирилади ва бу имтиёзлар умумий квотага киритмаслиги тўғрисида қоида белгиланади.

Ҳозиргача ҳам қатор имтиёзлар, масалан, ҳарбий хизмат тавсияномасига эга бўлганлар (халқ тилида “армистлар”) учун умумий квотадан ташқари ўринлар ажратилаётган эди. Ёки зулфиячилар учун ҳам қўшимча грант ўринлари ажратилиши бошланган.

Шундай бўлса-да, бундан буёғига имтиёзларнинг алоҳида тарзда тартибланиши ва тўлалигича квотадан ташқари бўлиши белгилаб қўйилиши абитуриентларнинг кўнглини қисман хотиржам қилиши мумкин.

Грантга, контрактга – асосий имтиёз турлари

Kun.uz ўқишга киришда алоҳида имкониятлар берувчи имтиёзларни жамлади. ДТМ сайтида алоҳида гуруҳланишича, имтиёзлар бир-биридан фарқ қилади:

  • имтиҳонсиз, қўшимча давлат гранти асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
  • имтиҳонсиз, контракт асосида ўқишга киришга асос бўлувчи;
  • фақат бир фан имтиҳонидан озод этишга асос бўлувчи;
  • тўпланган баллга балл қўшиб берувчи;
  • алоҳида квота доирасида имтиҳонда иштирок этишга асос бўлувчи имтиёзлар.

Бу турдаги имтиёзларнинг барчаси бир-биридан фарқ қилади. Бироқ даражаси турлича бўлса ҳам, улар оддий тартибда ҳужжат топширган абитуриентларга нисбатан анча кўпроқ имкониятга эгаликни англатади.

Ҳозир уларни бирма-бир санаб чиқамиз.

Имтиҳонсиз, қўшимча грант асосида талаба бўлувчилар:

  • ҳарбий қисм қўмондонлиги ва Ёшлар иттифоқининг тавсияномаси билан ҳар бир ҳарбий қисмдан бир нафардан ёш ҳарбий хизматчи;
  • хизмат вазифасини бажариш пайти ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган Қуролли Кучлар таркибидаги ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ва Миллий гвардия ходимлари, ички ишлар тизими ходимларининг фарзандлари;
  • Олимпия, Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон чемпионатларида охирги 3 йилда ғолиб бўлганлар;
  • Зулфия мукофоти, “Мард ўғлон” мукофоти совриндорлари;
  • “Ниҳол” мукофоти лауреатлари;
  • Маданият вазирлигининг “Халқ чолғулари ижрочилари”, “Миллий рақс ижрочилари” ва “Ёш мақом ижрочилари” танловининг бир нафардан ғолиблари;
  • “Тарбиячи”, “Ҳамшира” танлови ғолиблари;
  • Ёшлар иттифоқи фаоллари тавсиянома асосида ҳудудий ОТМларнинг педагогика йўналишларига грантга кирадиганлар;
  • халқаро фан олимпиадалари ғолиблари;
  • президент мактаби битирувчилари.

Имтиҳонсиз, контракт асосида ўқишга қабул қилинадиганлар:

  • Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослашган мактаб битирувчилари кимё, биология, физика ва АКТ соҳаларига қабул қилинади;
  • Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактаблари битирувчилари.

Фақат бир фан имтиҳонидан озод этиб, балл берувчи имтиёзлар:

  • республика фан олимпиадаларининг 1-3-ўрин ғолиблари ўз фани бўйича максимал балл олади;
  • чет тили сертификати борлар учун шу фандан максимал балл берилади;
  • тасвирий, амалий санъат ва дизайн йўналиши бўйича республика ва халқаро танловлар ғолиблари мутахассислик фанидан максимал балл олади;
  • “Болалар спорт ўйинлари”нинг ғолибларига белгиланган фан бўйича максимал балл берилади;
  • умумтаълим фанлари бўйича сертификатга эга абитуриентларга сертификатдаги баллига мос пропорционал балл берилади.

Тўпланган баллга қўшимча балл берадиган имтиёзлар:

  • Темурбеклар мактаби битирувчиларига ҳарбий йўналишлар учун ўзлари тўплаган баллга 30 фоиз, бошқа ОТМларга топширганда 15 фоиз миқдорда қўшимча балл берилади.

Қўшимча квота доирасида танловда қатнашиш учун асос бўлувчи имтиёзлар:

  • Навоий вилоятининг олис чўл ҳудудларида камида 3 йилдан бери яшаб келаётган абитуриентлар Навоий, Бухоро, Самарқанд вилоятларидаги ОТМларга ҳудудда 4 йил ишлаб бериш шарти билан грант асосида олинади;
  • Узун тумани Боботоғ ҳудудидаги ёшлар учун Сурхондарё ОТМларининг педагогика ва тиббиёт йўналишларидаги ОТМларга қўшимча грант асосида квота ажратилади;
  • Қуролли кучлар таркибига кирувчи вазирлик ва идоралар ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари қўшимча 5 фоиз, Миллий гвардия ходимларининг фарзандлари эса қўшимча 2 фоизли квота асосида танловда иштирок этади;
  • ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун алоҳида 3 фоизлик квота ажратилади, уларга бу квота доирасида танловда қатнашиш учун 3 йилга амал қилувчи сертификат берилади;
  • ногиронлиги бўлган шахслар учун 2 фоизлик квота ажратилади;
  • меҳрибонлик уйлари битирувчилари бўлган чин етимларга ва болалар шаҳарчаси тарбияланувчиларига 1 фоизлик квота ажратилади;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун 4 фоизлик квота ажратилади;
  • ўрмончилар ва уларнинг фарзандларига ОТМларнинг тегишли йўналишлари учун қўшимча 20 фоизлик квота ажратилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари тавсиянома асосида "Ижтимоий иш" йўналишига тўлов-контракт асосида қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида қабул қилинади;
  • ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасига эга абитуриентлар ўзлари танлаган биринчи йўналиши бўйича танловда иштирок этишади;

Энди амалга киритиладиган имтиёзлар

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий маълумотга эга бўлмаган ҳоким ёрдамчилари давлат ОТМларининг иқтисодий таълим йўналишларига Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тавсиясига кўра давлат гранти асосида сиртқи таълим шаклига суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

Мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик стажга эга бўлган хотин-қизларга Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси томонидан 3 йил амал қиладиган тавсиянома берилади ва улар шу тавсиянома асосида алоҳида квота доирасида ўқишга қабул қилинади.

Иқтисод тармоқларида ишлаётган камида 5 йиллик стажга эга бўлган фуқаролар тегишли тавсиянома билан суҳбат асосида мос ОТМларга табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинади. Уларга 5 йил ишлаб бериш шарти қўйилади.

Имтиёзлар камаядими?

ОТМларга киришда имтиёзларни тартибга солиш қайд этилган коррупцияга оид қарорнинг тўлиқ матни ҳозирча эълон қилинмади. Бироқ ушбу қарор лойиҳасида ОТМга киришда берилган имтиёзларни қайта кўриб чиқиб, уларни хатловдан ўтказиш белгиланган. Агар шундай бўлса, имтиёзлар механизми ҳақиқатан ишлаяптими ёки йўқ, билиб олиш мумкин бўлади.

Масалан, қайсидир олис ҳудуддан бўлгани учун бошқалардан пастроқ балл тўплаган бўлса-да, давлат грантида ўқиган талаба битиргач, ҳақиқатан ҳам ўша ҳудудга бориб ишлаб бериб ўзига тикилган инвестицияни оқлай оляптими? Бошқа йўналишларда ота-онаси муносиб хизмат қилгани учун ўқишга имтиёзли кирган абитуриентлар битиргач соҳаси бўйича йўлини топиб кетишяптими?

Имтиёзларнинг бу тарафларини ҳам ўрганиш ва таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Зилола Ғайбуллаева,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид