Ўзбекистон | 14:03 / 23.04.2021
3934
3 дақиқада ўқилади

Айрим вазирликлар қонунларни ишлаб чиқишда жамоатчилик муҳокамасидан фойдаланмасликка интилади — Русланбек Давлетов

Адлия вазири айрим вазирлик ва идоралар қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда тор доирадаги манфаатларни илгари суриш ва катта салбий танқид остида қолмаслик учун ҳам жамоатчилик муҳокамасидан фойдаланмасликка ҳаракат қилиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида гапирди.

Фото: KUN.UZ

22 апрель куни бошланган «Tashkent Law Spring» II халқаро юридик форумида Адлия вазири Русланбек Давлетов қонунчиликни ихчамлаштириш ва ортиқча юкни камайтириш, бизнесга нисбатан бюрократияни ва коррупцияга етакловчи нормаларни камайтириш масалаларига тўхталиб ўтди.

Маълум қилинишича, яқинда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги янгиланган қонунда Ўзбекистон ҳуқуқий тизими учун замонавий бўлган масалалар: қонунчиликни рақамлаштириш, тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва жамоатчилик муҳокамаси кенгайиши, замонавий экспертиза турлари каби янгиликлар ўз аксини топган.

Вазир гильотина принциплари ҳам Ўзбекистонда ишлай бошлаганини таъкидлади.

«Яқинда эскирган президентнинг 500та ҳужжатлари ва ҳукуматнинг 2000та ҳужжатлари бекор бўлди. Яна 400та ҳужжат бекор бўлиш арафасида. Бу йўналиш албатта давом этади», – деди у.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, Адлия вазири, шунингдек, қонунларни ишлаб чиқишда манфаатдор томонларнинг кенг иштирок этиши учун яратилган имкониятлардан фойдаланилмаётганини қайд этган.

«Кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонда ҳам қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш учун веб-порталлар мавжуд. Буни бевосита демократиянинг бир кўриниши дейиш мумкин.

Бироқ, бу соҳадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Ҳар бир манфаатдор томон, хоҳ бизнес вакиллари, илмий экспертлар ҳамжамияти, нодавлат нотижорат сектори, шунингдек, оммавий ахборот воситалари бўлсин, қонун ижодкорлигида бевосита ва фаол иштирок этиши лозим. Акс ҳолда, озчилик кўпчилик учун қарор қабул қиладиган вазият юзага келиши мумкин.

Айниқса, айрим вазирлик ва идоралар тор доирадаги манфаатларни илгари суриш учун ҳам жамоатчилик муҳокамасидан фойдаланмасликка ҳаракат қилади, чунки билади катта салбий танқид остида қолишини. Мана шунинг учун ҳам бу механизм жуда катта аҳамиятлидир.

Ёки бўлмаса, бир гуруҳ шахслар томонидан алоҳида саволларни, кичкина муаммони маълум бир йўл билан ҳал қилишда кўпчилик қизиқиш билдираётгандек кўрсатиш орқали ёлғон таассурот уйғотиши, яъни жамоатчилик фикрини манипуляция қилиши мумкин. Бу ҳам мавжуд хавф-хатардир. Биз барча суиистеъмолчиликларга тайёр туришимиз керак ва юридик ҳамжамият қонун ижодкорлиги соҳасида жамоатчилик билан бирга мақбул ечимни топиши лозим», – деди Русланбек Давлетов.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид