Ўзбекистон | 17:49 / 31.07.2019
59526
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватладими?

Фото: AFP/Getty Images

Ўтган йили 9 сентябрь куни Human Rights Watch Хитойнинг Шинжон вилоятида мусулмон аҳоли таъқибга учраётгани ҳақидаги маърузасини эълон қилганди: ташкилот маълумотларига кўра, бу ерда кейинги йилларда уйғурлар оммавий ва кўпинча асоссиз равишда ушланмоқда ҳамда қамоқ ва тарбия лагерларига ташланмоқда; миллионлаб кишилар устидан мунтазам видеокузатув ташкил этилган бўлиб, уларнинг ижтимоий аҳволи ва тақдири «ижтимоий кредит» тизимида тўпланган балларга боғлиқ. Human Rights Watch’нинг билдиришича, Хитойда бундай миқёсдаги қатағонлар Маданий инқилоб давридан буён кузатилмаган.

Хитой ташқи ишлар вазири Ван И германиялик ҳамкасби Хайко Маас билан учрашувидан сўнг мазкур масалага муносабат билдирган

«Шинжонда мусулмонлар қайта тарбиялаш лагерларига мажбурий равишда қамаб қўйилаётгани ҳақидаги хабарларни одамлар эътиборсиз қолдириши керак», — деган у.

Аммо ўтган ойлар давомида масала хорижий ОАВда кўп ёритила бошланди. Ва ниҳоят, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашида Шинжон-Уйғур мухтор туманидаги пенитенциар муассасаларда уйғурларни «қайта тарбиялаш» бўйича Хитой сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар пайдо бўлди.

Фото: REUTERS

Дастлаб, 22 давлат (Европа иттифоқига аъзо мамлакатлар, Япония, Австралия, Канада, Янги Зеландия) очиқ хатда Пекиннинг хатти-ҳаракатларини қоралаб чиққан. Шундан сўнг, юқоридаги 40га яқин мамлакат БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши сессиясида Хитой баёнотини қўллаб-қувватлаган. Улар орасида Россия, Беларусь ва Тожикистон вакиллари борлиги айтилди.

Хитой ҳукуматига тегишли ахборот агентлиги тарқатган маълумотга кўра, БМТ Женева қароргоҳида 50 мамлакат элчиси Хитойнинг Шинжон бўйича позициясини қўллаб-қувватлаган. Ҳозирча фақат Хитой ахборот манбалари томонидан тарқатилаётган хабар ғарб матбуоти томонидан тасдиқланмади. Шунингдек, мурожаатни имзолаган давлатлар номи ҳам ошкор этилмаган.

Reuters агентлиги рўйхатда мусулмон давлатлар, хусусан Саудия Арабистони бўлганини маълум қилган.

Minbar.uz сайтида ёзилишича, Ўзбекистон ҳам Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини қўллаб-қувватлаган 50 мамлакат ичида бор. Аммо бу расман тасдиқланмади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур ҳолатга изоҳ бермаслигини маълум қилди.

Тибет ва Шинжондаги Хитойнинг этник камчилигини ташкил қилувчилар ҳаётини тадқиқ этаётган тадқиқотчи Адриан Зенз эса Ўзбекистон мазкур рўйхатда мавжудлигини маълум қилган.

Сўнгги кунларда бу мавзу ижтимоий тармоқда муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистонлик депутат Қобул Дўсов мазкур масалада муносабат билдириб, мусулмон уйғурлар ўзбекларнинг бир парчаси эканини эслатган. Халқ депутатлари Бўстонлиқ туман Кенгаши аъзоси бўлган Дўсов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида давлат раҳбаридан ташаббусни қўлга олиб, уйғурларга ҳимоясига отланишни сўраган.

Бир пайтлар Муҳаммад Имин Садр Қошғарий ўзининг «Асар ал-футуҳ» китобида (1790) Уйғуристон деб номлаган ҳудуд замонавий Хитой таркибидаги мухтор ҳудуд ҳисобланади. Бу жойга Синьцян («янги чегара») номи берилган. 23 миллиондан ортиқ киши истиқомат қилувчи ҳудуд Хитойнинг жами майдонининг 1/6 қисмини ташкил қилади. Шунингдек, 7та давлат, хусусан Россия, Мўғулистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон ва Ҳиндистон билан умумий чегараларга эга.

Тарихий манбаларда Шарқий Туркистон номи билан машҳур бўлган Шинжонда туркийларга мансуб уйғур халқи турли миллат ва элатлар билан биргаликда умргузаронлик қилиб келади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов

Мавзуга оид