Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МФЙ биноларида ҳар куни тонгда давлат мадҳияси ижро этилмоқда
Kun.uz манбаси маълумотида масъуллар ҳар куни соат 7:30 да маҳалла еттилиги аъзолари томонидан давлат мадҳияси ижро этилиши кераклиги ҳақида оғзаки топшириқ бергани айтилади.
Фото: Видеодан кадр
Республиканинг турли ҳудудларидаги МФЙ биноларида ҳар куни соат 7:30 да маҳалла раиси ва ходимлар томонидан давлат мадҳияси айтилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz’нинг бир нечта манбалари маълум қилган.
Айтишларича, бу талаб бўйича бирор бир ёзма кўрсатма йўқ, топшириқ “юқоридан” оғзаки берилган. Топшириқ билан бирга унинг ижроси юзасидан давлат мадҳияси ижро этилгани акс этган видеолавҳани ҳар куни тузилманинг юқори бўғинларига ҳисобот сифатида топшириш (Telegram мессенжери орқали) талаби ҳам қўйилган.


“Масъулларнинг бу топшириғини шунчаки кўзбўямачилик, тўғрироғи “галочка” учун қилинган иш дейиш мумкин. Сабаби, республикада ўнг мингга яқин маҳалла бор. Ҳар куни шунча маҳаллада мадҳия айтилдими ёки йўқлигини текшириб ўтириш, улар ташлаган видеолавҳаларни тинглаб кўриш деярли имконсиз. Қолаверса, айрим маҳаллаларимиз ҳудудида анча катта, МФЙ биноси ва раиснинг уйи орасидаги масофа бир неча километрни ташкил қилади. Бу ёши катта маҳалла раисларига ноқулайлик туғдиряпти, камига меҳнат қонунчилиги бузилишига ҳам сабаб бўляпти” дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган, исмини ошкор қилишни истамаган маҳалла раиси.
Топшириқдан сўнг республиканинг барча ҳудудларида унинг ижроси талаб қилина бошланган. Масалан, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги МФЙларда иш бошланишидан олдин давлат мадҳияси айтиляпти. Бу ҳақда туман ҳокимлиги хабар берган. Унда таъкидланишича, туманидаги барча 64 та МФЙда маҳалла бешлиги кунлик фаолиятини давлат мадҳиясини ижро этиш билан бошламоқда.


Мадҳия ижроси билан боғлиқ бу топшириқ “Ўзбекистон республикаси давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонунга зид бўлиши мумкин.
Қонуннинг 3-моддасига кўра, давлат мадҳияси қуйидаги ҳолатларда ижро этилади:
– Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг;
– Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида;
– Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида;
– давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кеча-ю кундуз олиб борилганида эса соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида — соат 24 да;
– республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида;
– давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғини кўтариш чоғида;
– расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин;
– ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ;
– умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида;
– спорт майдонларида — Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро спорт мусобақаларининг Ўзбекистон Республикаси спорт терма командаларининг вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида;
– Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари — овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8.00да.
- Маълумот учун, олдинроқ Ўзбекистонда маҳаллалар уюшмаси ташкил этилиб, унга Ўзбекистон президенти администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари лавозимида ишлаб келган Қаҳрамон Қуронбоев сайланганди.
- Аввалроқ Навоийдаги маҳаллаларда жиноят содир қилган шахсларнинг сурати ва маълумоти илдириб қўйилиши учун “Шарманда доскаси” пайдо бўлгани хабар қилинганди. Кейинчалик ушбу ҳолатга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили муносабат билдириб, бу инсон ҳуқуқларига зид эканлигини маълум қилди. Навоий вилояти ИИБ эса ўз расмий муносабатида маҳаллаларга ўрнатиладиган “Эълонлар тахтаси”ни чиқаришда босмахона томонидан хатоликка йўл қўйилгани учун бу баннерлар вилоятдаги бирор бир маҳаллага ўрнатилмаганлигини, туман-шаҳар ИИБ ҳамда маҳаллаларга бу мазмундаги топшириқ берилмаганини билдирди.
Мавзуга оид
11:52 / 08.08.2025
48 ёшли маҳалла раиси 17 ёшли қизга маҳалла биносида шилқимлик қилди
19:42 / 23.06.2025
Фурқат туманида маҳалла раиси ҳокимликдаги йиғилишдан чиқиб вафот этди
09:50 / 03.02.2024
Қимор ўйнагани учун ишдан олинган маҳалла раиси 1 йил ўтиб лавозимига қайтгани маълум бўлди
20:28 / 03.01.2024