Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тадбиркорлар учун махсус ҳуқуқий режим ва ҳар бир маҳаллага футбол майдони – маҳаллий дайжест
Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йил 31 декабргача махсус ҳуқуқий режим амалиётга татбиқ этилади. Президент стадионларни хусусийлаштиришни тақиқлади. 1 октябрдан «Ҳар бир маҳаллага футбол майдони» дастури бошланади. Silk Avia бир қанча маҳаллий қатновларни 2 ойга тўхтатди. Миграция агентлигининг икки ходими 700 минг доллар пора олгани аниқланди. Kun.uz ёритган ушбу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Тадбиркорлар учун 2031 йилгача махсус ҳуқуқий режим татбиқ этилади
Президент қарори билан якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун 2030 йил 31 декабргача махсус ҳуқуқий режим амалиётга татбиқ этилади.
У давлат ва молиявий хизматларни тўлиқ онлайн олиш, автоматик рўйхатдан ўтиш, солиқ тўлаш ва ҳисобот тақдим этиш, банк ва тўлов тизимлари билан интеграция, биометрик идентификация ва SMS орқали тасдиқланган ҳужжатларнинг юридик кучга эга бўлиши ва бошқаларни назарда тутади.
Бундан ташқари, тадбиркорлар учун умумий функционалга эга рақамли платформалар яратилади. Улар орқали ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш, бухгалтерия ва солиқ ҳисоби, тўловлар, электрон ҳамёнлар орқали ҳисоб-китоблар, солиқ органлари билан ўзаро алоқа ва чеклар, QR-кодлар, tap to pay каби нақд пулсиз тўлов воситаларини шакллантириш амалга оширилади.
Президент стадионларни хусусийлаштиришни тақиқлади
Президент қарори билан давлатга қарашли стадионлар ва футбол майдонларининг фойдаланиш мақсадини ўзгартириш ва сотиш тақиқланди. 2025 йил охиригача давлат мулкидаги футбол стадионлари ва майдонлари хатловдан ўтказилиши кўзда тутилган. Хатлов натижалари бўйича, футбол стадионлари ва майдонлари тўғрисидаги маълумотлар 2026 йил июлигача «Миллий футбол электрон платформаси»га киритилиши зарур.
Шунингдек, 1 октябрдан «Ҳар бир маҳаллага футбол майдони» дастури бошланади: давлатга қарашли футбол майдони мавжуд бўлмаган маҳаллаларда ер участкалари футбол майдони қуриш учун аукционга чиқарилади. Ҳокимлар 2025 йил декабр ойида маҳаллаларда футбол майдонларини барпо этиш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаши лозим.
Silk Avia бир қанча маҳаллий қатновларни 2 ойга тўхтатди
Авиакомпания хабарига кўра, сентябрь ва октябрь ойларида бир қатор маҳаллий рейслар «техник сабабларга кўра» тўхтатилади.
Йўловчилар илгари харид қилинган чипталар учун пул маблағларини тўлиқ қайтариб олиши ёки бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда авиакомпаниянинг бошқа йўналишларига қайта банд қилиш хизматидан фойдаланиши мумкин.
Silk Avia — Uzbekistan Airports томонидан ташкил этилган лоукостер авиакомпания бўлиб, парвозларини 2023 йил 25 апрелдан бошлаган. 2023 йил октябрь ойида президент қарори билан компания бренди сақлаб қолинган ҳолда Uzbekistan Airways таркибига ўтказилган.
Солиқ текширувларини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланилади
2026 йил 1 январдан бошлаб сайёр солиқ текширувларини ўтказишда мобил видеокамерадан фойдаланиш мажбурий бўлади.
Президент фармонига кўра, мобил видеокамерадан фойдаланмасдан ўтказилган текширувлар ноқонуний ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъектларининг солиқ аудити натижалари бўйича молиявий санкцияларни 6 ой ичида тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи сайёр солиқ текшируви натижалари бўйича молиявий санкцияларга ҳам татбиқ этилади.
Миграция агентлигининг икки ходими 700 минг доллар пора олгани аниқланди
Миграция агентлигининг Наманган вилоятидаги бош мутахассиси одамларнинг ишончига кириб, Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 41 минг доллар олган вақтида қўлга тушди. Кейинроқ бу пулнинг бир қисми агентлик марказий аппарати ходимига етиб борди ва у ҳам жиноят устида ушланди.
Жиноий гуруҳ ўтган йили 80 дан ортиқ одамдан 700 минг доллардан ортиқ пул олгани таъкидланмоқда.
Мавзуга оид
21:05 / 26.12.2025
2026 йил номи ва ўзбек космонавтини фазога учириш режаси – маҳаллий дайжест
21:28 / 25.12.2025
Депутатлар яширинча тасдиқлаган 41 трлн сўм ва ЙҲХХ раддияси – маҳаллий дайжест
21:41 / 24.12.2025
Йўллардаги юзлаб камераларнинг интернетда очиқ қолдирилиши ва ўзбек сўмида сигарета тутатган хорижликлар – маҳаллий дайжест
21:57 / 23.12.2025