Пул эвазига Кореяга ишга юбориш билан шуғулланган Миграция агентлиги ходимларига жиноят иши қўзғатилди, дея хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлигининг Наманган вилояти филиали бош мутахассиси хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда, алдов йўли билан бир гуруҳ фуқароларнинг ишончига кириб, уларни Жанубий Кореяга ишга юбориш эвазига 41 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Терговга қадар текширув давомида, у мазкур ноқонуний фаолиятни Миграция агентлиги марказий аппаратининг бош мутахассиси билан биргаликда амалга ошириши аниқланиб, тезкор тадбир давом эттирилган ва агентликнинг ушбу масъул ходими ҳам юқоридаги пул маблағидан 15 минг долларини олган вақтида, жиноят устида қўлга олинган.
“Миграция агентлигининг мазкур ходимлари 2024 йилда 80 нафардан ортиқ фуқароларни Корея давлатига юбориш учун 700 минг АҚШ долларидан ортиқ пул маблағларини олиб, ҳозирга қадар уларни сарсон қилиб юрганликлари маълум бўлди”, – дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168- ва 28,211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.
- Фуқаролар хорижга ишга юбориш билан боғлиқ шубҳали таклифлар юзасидан ДХХнинг колл-марказига 1520 қисқа телефон рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.











