Ўзбекистон | 12:56 / 26.08.2025
3188
3 дақиқада ўқилади

ЯТТлар ва ўзини ўзи банд қилганларни қўллаб-қувватлаш чоралари тасдиқланди

Президентнинг «Якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун қулай шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Туризм қўмитаси

Ҳужжат яширин иқтисодиёт улушини камайтириш, солиқ солиш базасини кенгайтириш, жисмоний шахсларни қонуний тадбиркорликка рағбатлантириш ҳамда давлат органлари ва молиявий ташкилотлар билан ўзаро алоқаларини рақамлаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Махсус ҳуқуқий режим жорий этилади. 2030 йил 31 декабргача мамлакатда махсус ҳуқуқий режим амалиётга татбиқ этилади. У қуйидагиларни назарда тутади:

  • давлат ва молиявий хизматларни тўлиқ онлайн олиш;
  • автоматик рўйхатдан ўтиш, солиқ тўлаш ва ҳисобот тақдим этиш;
  • банк ва тўлов тизимлари билан интеграция;
  • биометрик идентификация ва СМС орқали тасдиқланган ҳужжатларнинг юридик кучга эга бўлиши.

Бу режим якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) ва ўзини ўзи банд қилган шахсларга тааллуқли.

Умумий функционалга эга рақамли платформалар яратилади. Улар орқали қуйидагилар амалга оширилади:

  • ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатдан ўтказиш;
  • бухгалтерия ва солиқ ҳисоби;
  • тўловлар, электрон ҳамёнлар орқали ҳисоб-китоблар;
  • солиқ органлари билан ўзаро алоқа;
  • операцияларни реал вақтда фискаллаштириш;
  • чеклар, QR-кодлар, tap to pay каби нақд пулсиз тўлов воситаларини шакллантириш.

Платформалар солиқ органлари ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинади. Фақат махсус солиқ режимларини қўлламайдиган ва Технопарк резиденти бўлмаган тўлов ташкилотларигагина уларни яратиш ва хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб:

  • барча ЯТТ ва ўзини ўзи банд қилганлар рақамли платформа орқали яратилган махсус QR-кодга эга бўлиши шарт;
  • QR-код мавжуд бўлмаслиги касса интизоми бузилиши сифатида баҳоланади;
  • рақамли платформалар орқали берилган чеклар бўйича 1 фоиз қайтариш амалиёти қўлланмайди;
  • пул айланмаси бўйича маълумотлар кредит бюроларига узатилади ва кредит беришда ҳисобга олинади.

Такси, етказиб бериш ва шунга ўхшаш агрегаторлар орқали хизмат кўрсатаётган ўзини ўзи банд қилган шахсларга рақамли платформалар, электрон ҳамёнлар ва QR-кодлар бўйича талаблар татбиқ этилмайди. Агар ушбу агрегатор платформалар солиқ органлари билан интеграция қилинган бўлса.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид