«Сизларни деб халқ олдида шарманда бўляпмиз» – сенатор вазир ўринбосарининг ҳисоботидан қониқмади
Олий Мажлис Сенати кенгашининг 11 декабр куни бўлиб ўтган мажлисида сенатор Қутбиддин Бурхонов энергетика вазири ўринбосари Беҳзод Норматовнинг ҳисоботидан кўнгли тўлмаганини, айнан уларни деб сенаторлар халқнинг олдида шарманда бўлаётганини айтган.
«Сиз халқнинг ичига кириб кўринг. Менинг олдимга Фарғонадан оқсоқол келди: «Кечаси газ ўчганига набирамнинг қоши совуқдан музлаб қолди, операция қилиб олиб ташламоқчи», дейди. Уларга қанақа қилиб жавоб берасиз?! Сенат раиси бу йилги қишни қандай қилиб ўтказиб олиш ҳақида бир неча марта савол бердилар. Аниқ жавоб беринг аҳолига.
Ҳудудларга борган вақтимизда халқ бизни еб қўяй деди. «Уйимга кириб кўринг», деяпти. Кириб кўряпмиз. Яшаш шароитлари оғир, одам музлаб қоляпти. На свет бор, на газ бор. Нима қилиш керак? Аҳолига аниқ жавоб беринг. Бу йил шундай ўтиб кетиши керакми? Халққа нима деб жавоб берайлик», дея Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Беҳзод Норматов бу ҳақда мажлис аввалида ўқилган ҳисоботида маълумот берганини, мажлисда энергоресурслар таъминотига масъул корхоналарининг раҳбарлари ҳам қатнашаётганини айтган пайтда Бурхонов унинг сўзини бўлиб, уларнинг раҳбари сифатида Норматовдан саволга шахсан ўзи жавоб беришини талаб қилди.
Беҳзод Норматов:
– Вазирликда йиллик баланс ишлаб чиқарилади. Ҳар битта ҳокимият, ҳар битта туман ҳокимлари билан биргаликда ҳар битта туманда қанча энергоресурс истеъмол бўлиши кераклигини...
Қутбиддин Бурхонов:
– Шуларнинг планировкаси ҳам нотўғрилигини мен ҳисоботда айтдим. Шуларнинг кераклигини айтгани билан вақтида бермаётганлиги, бажармаётганлиги. Сиз республика бўйича шу вазирликнинг раҳбарисиз. Аниқ айтинг, бу йил қишда халқ иссиқлик билан таъминланадими, йўқми?
Беҳзод Норматов:
– Масалан, мен ўзим ҳам қишлоқда тураман. Ўзимнинг уйимда ҳам икки-уч марта свет ўчади. Сабабини сўрайман, трансформатор ёниб кетган бўлса, нега бундай қилдинглар, деб айтолмайман.
Қутбиддин Бурхонов:
– Нега шунинг чорасини ёзда кўрмаймиз. Аҳоли кундан кунга кўп электр сотиб оляпти. Оддий сочини тараш учун ҳам, ювиниш учун, қуритиш, музлаткич, иситкичлар. Лекин шунинг ҳисоб-китобини кимдир қилиши керак-ку?
Беҳзод Норматов:
– Режалаштирилаётган мен боя сизга айтдим...
Қутбиддин Бурхонов:
– Бу йил қишни иссиқда ўтказадими ёки совуқда ўтказадими, халқ? Аниқ жавоб бериш керак.
Беҳзод Норматов:
– Керагидан, масалан, жойидан келиб чиқиб, қанча талаб ошаётган бўлса, маълумот келиб тушса, ўша тарафга мавжуд инфраструктуранинг имкониятидан келиб чиқиб, максимал даражада берилади. Мен ҳозир қайси қишлоқ дейилаётган бўлса, ҳудудий электр тармоқлари ўрганиб чиқиб, ҳисобини беради. Агар мен хоҳлаган тақдиримда ҳам трансформатор ошган талаб бўйича етказиб бериш имконияти бўлмаса, хоҳлаганимча ўтказа олмайман-ку, тўғрими?
Қутбиддин Бурхонов:
– Битта нимстанцияга 20-15та трансформатор улаган ходимларингиз. Табиий, 2 соатда ташлаб юборади. Нега қарамайсизлар, одамлар бу трансформаторлар 30-40 йилдан бери турибди, деяпти. Мен жавобингиздан умуман қаноатланмадим. Халқнинг олдида сизларни деб, сенаторлар шарманда бўляпти. Узр.
Мавзуга оид
21:05 / 22.12.2024
Қатар Европага газ етказиб беришни тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилди
13:29 / 22.12.2024
Самарқандда табиий газ ва электрдан қарздорликни йўқ қилиб бермоқчи бўлган ходимлар ушланди
15:57 / 21.12.2024
Ўзбекистонда газ, нефт ва бензин ишлаб чиқариш камайишда давом этяпти
07:40 / 21.12.2024