Хорижга помидор ва қалампир экспорт қилувчи тадбиркорларга янги талаблар юклатилди
Иссиқхоналар «Ўздавкарантин» инспекция ходимлари томонидан текширувдан ўтказилади. Помидор ва қалампир етиштирувчилар кўчатларни экишдан олдин, кўчат экувчилар эса уруғларни экишдан олдин лаборатория текширувидан ўтказиши шартлиги белгиланди.
«Ўздавкарантин» инспекцияси экспорт қилиниши режалаштирилган помидор ва қалампир маҳсулотларида «Помидор жигарранг бужмайиш вируси» учрашининг олдини олиш бўйича режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.
Инспекция ахборотига кўра, республикадаги барча помидор ва қалампир маҳсулотлари етиштирилаётган иссиқхоналар рўйхати шакллантирилиб, импортёр давлатларга тақдим этилган.
Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистон каби давлатлар талабларига асосан, эндиликда помидор ва қалампир маҳсулотларининг ҳар бир қадоғи устида экспортёр корхона ва маҳсулот етиштирилган иссиқхонанинг номи, манзили, маҳсулот номи кўрсатилиши белгиланган.
Тадбиркорларга маҳсулотларини экспорт қилиш учун қуйидаги талаблар юклатилган:
- Иссиқхоналарни инспекциянинг ҳудудий бўлимлари ходимлари ёрдамида полимераз занжир реакцияси (ПЗР) текширувидан ўтказиш;
- Маҳсулотни экспортга юклашдан олдин иссиқхона ҳудудида ПЗР текшируви ўтказилганлиги ҳақидаги ҳужжатни кўрсатиш;
- Помидор ва қалампир етиштирувчилар кўчатларни экишдан олдин, кўчат экувчилар эса уруғларни экишдан олдин ПЗР анализидан ўтказишлари.
Шунингдек, вирусдан холи эканлигини тасдиқловчи ПЗР хулосасига эга бўлган маҳсулотлар экспортга юкланишидан бир кун олдин тадбиркор ҳудудий инспекцияга электрон тарзда мурожаат қилиши лозим.
Маълумот учун, 2020 йилнинг 26 ноябрида «Помидор жигарранг бужмайиш вируси» сабабли республиканинг айрим ҳудудларига Россия томонидан вақтинчалик тақиқ жорий этилган эди.
Дастлаб, Фарғона вилоятидан экспорт қилинган булғор қалампири ва помидор таркибида зараркунанда топилгани важи билан ушбу ҳудуддан айни маҳсулотларни импорт қилишга тақиқ қўйилганди.
Кейинроқ, «Россельхознадзор» Ўзбекистоннинг «Sunny land export» компанияси томонидан экспорт қилинган маҳсулот таркибида «Tomato brown rugose fruit virus» аниқлангани важи билан Навоий ва Қашқадарёдан помидор импортига тақиқ жорий этганди.
«Россельхознадзор» 2020 йил 18 декабрдан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларини Россия ҳудудига олиб киришга рухсат берган.
Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария бўйича федерал хизмати 2021 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги «Ўздавкарантин» инспекцияси кафолати остидаги 34та компанияга помидорларни Россияга экспорт қилишга розилик берган.
Шунингдек, Россия ҳукумати қуритилган маҳсулотларни экспорт қилувчилар мажбурий равишда корхона номи ва манзили, маҳсулот маркировкасини кўрсатиши шартлигини маълум қилганди.
Мавзуга оид
13:52 / 21.12.2024
Ўзбекистон экспортида хусусий сектор улуши 60 фоизга етказилади
12:56 / 19.12.2024
АҚШ Ўзбекистон заъфарони экспорти учун берилган рухсатнома муддатини узайтирди
20:50 / 17.12.2024
Ўзбекистоннинг 18 тонна зарарли помидори Россия бозорига киритилмади
18:11 / 12.12.2024