Жамият | 19:10 / 31.05.2021
15384
4 дақиқада ўқилади

Йилига 800га яқин болада саратон аниқланади. Сабаблар ва унга қарши кураш ҳақида

Саратон - ҳар қандай инсонни қўрқувга соладиган дард. Айниқса, болалар онкологияси туфайли изтиробдаги ота-оналарнинг ҳолати, хайрияга муҳтож бемор болалар ноласи бу қўрқувни баттар оширади. Маълумотлар сўнгги йилларда бу дардга дуч келганлар кўпайганидан дарак беради.

Фото: AFP

Дунёда ҳар йили 300 минг болада онкологик ва гематологик хасталик ташхиси аниқланади. Уларнинг учдан бир қисми ҳаётдан кўз юмади. Бу касалликлар болалар ўлимига сабаб бўлиш бўйича иккинчи ўринда (биринчи ўринда - жароҳатлар) туради.

2020 йилда Ўзбекистонда 884 нафар болада саратон касаллиги, 402 нафар болада эса гемотологик касалликлар қайд этилган. 4 505 нафар бола саратон, 2 396 нафар бола қон касалликлари бўйича диспансер ҳисобида туради. Онкологик касалликлар структурасида болалар онкологияси 3,7 фоизни, лейкозлар 19,1 фоизни, бош мия ва орқа мия ўсмалари 17,5 фоизни, буйрак ўсмалари 7,6 фоизни, суяк, бўғим хавфли ўсмалари 5,6 фоизни ташкил этади. Энг ачинарлиси, болаларда саратон касаллиги катталарникига нисбатан ҳаракатчанроқ бўлади.

Ўзбекистонда ҳар йили 800 нафар атрофидаги болалар саратон касаллигига чалинади. Уларнинг 30 фоизигина даволаниш ҳамда тузалиб кетиш имкониятига эга. Баъзи ривожланган мамлакатларда онкологик хасталикка дучор бўлган болаларнинг 80 фоизи даволанади, ўрта ва кам даромадли мамлакатларда эса бу кўрсаткич 15 фоиздан 45 фоизгачани ташкил этиши тахмин қилинади. Болаларнинг саратонга чалиниши нимадан келиб чиқиши мумкин? Бу кўпчиликни ўйлантирадиган савол ҳисобланади.

Болалар миллий тиббиёт маркази гематология ва онкология бўлими мудири Камол Искандаров болаларда онкологик хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўладиган омилларни санаб ўтди.

«Болаларда онкологик касалликлар юзага келишига асосан, ҳомиладорлик вақтида онанинг ҳар хил касалликларга чалиниши, радиация, канцероген маҳсулотлар истеъмол килиш, машиналар ва заводлардан чиқаётган карбонат ангидрид, стресс ҳолатлар, болаларнинг сурункали касалликлар билан оғригани сабаб бўлиши мумкин.

Кундан кунга бузилаётган экологик муҳит ҳам касаллик кўпайишига сабаб бўлмоқда. Бу омиллар туфайли ҳужайраларнинг ДНК занжирида мутация кузатилади ва ҳужайранинг ўзгаришига олиб келади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда онкологик касалликларда яшаш кўрсаткичи 30 фоиздан кам. Дунё рейтингига кўра, онкологик касалликдан тузалиш 70-80 фоиздан юқори. Айрим нозологияларда яшаш кўрсаткичи 95 фоизга тенг», дейди у.

Саратоннинг барча турларида касалликка қарши курашишнинг энг самарали усули – тезкор аниқлаш. Мутахассислар фикрига кўра, буйрак саратонининг 1-босқичида касаллик аниқланса, 10 бемордан 9 нафари яшаб кетади. Бу касалликнинг ўз вақтида аниқланиши беморларнинг 50 фоизи ҳаёти сақлаб қолинишига сабаб бўлади. Аммо республика вилоятларида эрта ташхис қўйиш учун асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари етарли бўлмагани сабаб касалликни 1-босқичда аниқлаш имконияти йўқ эди. Бемор пойтахтга етиб келгунига қадар эса касаллик 3-4 босқичларга ўтиб кетиши мумкин.

2021 йилда болалар онкологияси йўналишида кескин ўзгаришлар содир бўлмоқда. Жумладан, Болалар миллий тиббиёт марказида умумлаштирилган гемато-онкология бўлими ташкил этилди.

Шу йилнинг 14 май куни Шавкат Мирзиёевнинг Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказларига ташрифларидан сўнг президентнинг «Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга биноан, Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази ўз фаолиятини Тошкент шаҳри Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасасида илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда давом эттиради.

Бундан ташқари, хорижий экспертлар ва етакчи илмий-тадқиқот муассасалари иштирокида Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини ташкил этилади.

Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида, кейинчалик эса Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида илик кўчириш операцияси йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 млрд сўм, 2022 йилдан бошлаб эса йилига 125 млрд сўмдан кам бўлмаган миқдорда пул ажратилади.

Мавзуга оид