Ўзбекистон | 16:46 / 25.12.2020
11724
3 дақиқада ўқилади

Такси ҳайдовчилари даромад солиғидан озод этилган шахслар қаторига қўшиладими?

Якка тартибда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ўзини ўзи  банд қилган шахслар рўйхатига киритилмади. Аммо Молия вазирлиги бу масала тез орада ижобий ечим топишини маълум қилди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов якка тартибда йўловчи ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар ҳам  ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида эътироф этилишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

«Масаланинг ечимини ўйлаганда, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш устувор масала бўляпти. Ҳайдовчининг соғлиғи ва машинанинг техник кўриги мутасаддилар томонидан назорат қилиниши лозим. Транспорт вазирлигининг таклифи билан, такси агрегат компаниялари (Яндекс, MyTaxi каби иловалар – таҳр.) билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ҳақида ўйланмоқда. Шунда, ҳайдовчилар махсус ўрнатилган мосламалар орқали соғлиғини автоматик текширувдан ўтказиши ҳам назарда тутилган», — дейди у.

Молия вазири ўринбосарининг айтишича, кўчаларда алкотестер ва кўз орқали инсон соғлиғини аниқлайдиган махсус мосламалар ўрнатилади ва ҳайдовчилар шундай нуқталарга келиб, вақти-вақти билан мослама билан мулоқотда бўлади.

Дилшод Султонов такси ҳайдовчилари ҳам  ўзини ўзи банд қилган шахслар қаторига қўшилиб, 12 ой учун бир марта 223 минг сўм тўлаган ҳолда ўз фаолияти билан бемалол шуғулланиши мумкин эканини айтди.

«Уларнинг даромадлари солиққа тортилмайди. Тўланадиган 223 минг сўм эса пенсия ва стаж ҳисоблаш учун йўналтирилади. Яъни, ҳайдовчиларнинг келгусида стажи ҳам, пенсия ҳам бўлади», — дейди у.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Фазлиддин Умаров киракашлик билан шуғулланаётганлар нима учун ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилмагани ҳақидаги саволга жавоб қайтарганди.

Унинг таъкидлашича, киракаш ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйхатдан ўтса, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масала юзага келади, яъни, аҳоли ташиш билан шуғулланувчи корхоналарга қўйиладиган талабларни ҳар бир ўзини ўзи банд қилган киракаш ҳам бажариши керак.

Аввалроқ, кенг жамоатчилик 2021 йил 1 январдан жисмоний шахсларга ўзини ўзи банд қилган шахслар сифатида 5 кишидан кўп бўлмаган ўриндиқли (ҳайдовчини ҳисобга олган ҳолда) енгил автомобил транспортида ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат берилишини кутаётганди. Аммо ушбу кутилма амалга ошмаган.

Сентябр ойи бошида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов таксичиларни ҳам ўзини ўзи банд қилганлар рўйхатига қўшиш бўйича ишланаётгани ва бу бўйича 1-2 ойда Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритилишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 19 майдаги президент селекторида таксичилар даромад солиғини тўлашдан озод этилиши маълум қилинган, аммо 9 июнда эълон қилинган тегишли қарорда таксичилар кўзда тутилмаганди.

Тайёрлаган:  Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид