Ўзбекистон | 21:01 / 17.07.2021
13223
2 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё лидерлари 6 август куни навбатдаги маслаҳат учрашувига йиғилади

Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви 6 август куни Туркманистондаги “Аваза” миллий туризм зонасида ўтказилади.

Архив фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати

Айни пайтда мазкур учрашувга тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда 16 июл куни президент Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ўртасидаги учрашувда сўз борди.

Учрашув Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг Тошкент конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар тарқатди.

Шавкат Мирзиёев конференция доирасидаги нутқида ҳам бу ҳақда айтиб ўтди.

“Биз ривожланиш драйверлари ҳамда “янги ўсиш нуқталари”ни биргаликда аниқлаш ва мунтазам мулоқотлар учун самарали майдон яратдик. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувини август ойи бошида Туркманистонда ўтказишни режалаштирганмиз”, – деди президент.

Шу ой бошида Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон биринчи президенти, элбоши Нурсултон Назарбоев ва Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқотларида ҳам навбатдаги маслаҳат йиғини хусусида сўз борган эди

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари етакчиларининг норасмий маслаҳат учрашувини ўтказиб бориш Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан йўлга қўйилганди. Дастлабки учрашув 2018 йил 15 марта Астанада, сўнг 2019 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтди.

Мавзуга оид