Ўзбекистон | 22:17 / 20.10.2025
2335
4 дақиқада ўқилади

Метробус йўлаклари ва биржада цемент ҳажмининг қисқариши – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент метробус йўлакларини кўпайтиришни буюрди

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри йўлларида BRT (Bus Rapid Transit) тизими бўйича йўллар ўртасида автобус (метробус) учун алоҳида ажратилган йўлаклар кўпайтирилса, одамлар иш кунлари шахсий автомобилдан фойдаланишдан воз кечишини таъкидлади.

«Агар мана шундай йўллар қилсак, бу автобусларни қўйсак, одамлар фақат шанба, бозор кунлари ўзининг машинасида юради. [BRT] арзон, хавфсиз, тез. Нима кераги бор машинаси? Машинасида шанба ва якшанба кунлари фарзандларини дам олишга олиб боради», деди давлат раҳбари Шота Руставели кўчасида ташкил этилган янги тизим билан танишиш чоғида.

Президент Шота Руставели кўчасидаги тизим бошқа кўчаларга ҳам намуна бўлишини маълум қилди.

Тирбандликни камайтириш учун Тошкент чеккасида юк машиналари учун тўхташ жойлари қурилади

Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларга келадиган юк автомобиллари учун автовокзаллар ва тўхташ жойлари қуриш лойиҳаси тақдим этилди.

Улар йўл-патрул хизматининг «Эркин», «Шарқ», «Бектемир», «Уч қаҳрамон» ва «Турбанов» номли бешта назорат-ўтказиш пункти яқинида жойлашади. Бу ерда ҳайдовчилар учун кемпинг ва дам олиш зоналари ҳам кўзда тутилган.

Тақдимотга кўра, баъзи объектлар учун 7,7 гектар, 4,25 гектар ва 8 гектарлик ер майдонлари ажратилади. Энг гавжум пост Сергели туманидаги «Эркин» пости ҳисобланади, у орқали кунига 40–50 минг автомобил кириб-чиқади.

Цементни биржа орқали мажбурий сотиш ҳажми қисқартирилди, бу нархларни ошириши мумкин

Корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган цементнинг камида 50 фоизини биржага чиқариш талаби 25 фоизга пасайтирилди. Бу йилнинг талаб юқори бўлган пайтларида нархларни янада қиммат қилиши мумкин. Ўтган йил нархларни тушириш баҳонасида цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган оҳактош бўйича солиқ ставкаси 4 баробарга камайтирилганди, бу амалда ўз самарасини бермади. Хусусан, йил бошидан бери цементнинг биржа нархлари 30 фоизга қимматлади.

Пенсионерлар сони 4,2 миллиондан ошди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига Ўзбекистонда пенсия олувчиларнинг умумий сони 4 млн 241 минг нафарни ташкил этди.

Шулардан 3 млн 514 минг нафар фуқаро ёшга доир пенсия, 482 минг нафари ногиронлик пенсияси, 246 минг нафари эса боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олмоқда.

9 ойда 27 мингдан ортиқ никоҳ бекор қилинди

2025 йилнинг ўтган 9 ойи давомида судларга никоҳдан ажратиш бўйича 52 мингдан ортиқ ариза берилган, 27 мингдан ортиқ никоҳ бекор қилинган. Бу кунига камида 100 та ажралиш эканини англатади.

Никоҳдан ажратишга оид кўриб тамомланган ишларнинг 27 578 таси бўйича даъво талаблари қаноатлантирилган (никоҳлар бекор қилинган), 18 430 таси бўйича даъво талабларини қаноатлантириш рад этилган (никоҳлар бекор қилинмаган), 4 658 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда 1 841 та даъво бўйича ишни юритиш тугатилган.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид