Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Бундай йўлларни кўпайтириш керак» – президент BRT тизими ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев автобуслар тез ҳаракатланиши учун алоҳида йўлакларни кўпайтириш кераклиги ҳақида гапирди.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри йўлларида BRT (Bus Rapid Transit) тизими бўйича йўллар ўртасида автобус учун алоҳида ажратилган йўлаклар кўпайтирилса, одамлар иш кунлари шахсий автомобиллардан фойдаланишдан воз кечишини таъкидлади.
«Агар мана шундай йўллар қилсак, бу автобусларни қўйсак, одамлар фақат шанба, бозор кунлари ўзининг машинасида юради. [BRT] арзон, хавфсиз, тез. Нима кераги бор машинаси? Машинасида шанба ва якшанба кунлари фарзандларини дам олишга олиб боради», – деди давлат раҳбари Шота Руставели кўчасида ташкил этилган янги тизим билан танишиш чоғида.
Президент Шота Руставели кўчасидаги тизим бошқа кўчаларга ҳам намуна бўлишини маълум қилди.
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умурзоқов президентга янги ташкил этилган тизим ҳақида ахборот берди.
«Сиз айтганингиздек битта дизайн код олиб келинди. Йўлнинг чети вело ва пиёда йўлаклари учун ажратилди, улар алоҳида-алоҳида бўлди. Айтганингиздек, 14 минг туп дарахт экилди. Дренаж тизимининг ҳаммасини ёпиқ ҳолатга олиб келдик. Сиз айтганингиздек, автобус фақат ўртадан юради. Автобуслар тезлиги икки баробар ошади», – деган ҳоким.
«Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» дастурида BRT тизими мегаполисларда бу тирбандликни камайтиришга катта ҳисса қўшиши таъкидланган.
«BRT – бутун дунёда синалган модел, у дунёнинг 200 дан ортиқ шаҳарларида ишлайди. Богота, Истанбул, Пекин, Гуанчжоу, Мехико каби мегаполисларда BRT туфайли тирбандлик камайтирилиб, миллионлаб фуқаролар тезкор ва арзон ҳаракатланиш имконига эга бўлган. BRT – шаҳар ривожланаётганининг кўрсаткичи. Иқтисодий фаоллик юқорилаётган пойтахтимизда йўл ҳаракати ҳам қулай бўлиши шарт», – дейилади лавҳада.
Кўча ўртасида BRT тизими асосида ажратилган автобус йўлаги Тошкент шаҳрида биринчи бор Шота Руставели кўчасининг Миробод кўчасидан Чоштепа кўчасигача бўлган қарийб 7 километр қисмида жорий этилди. 10 та қатнов қисмига бўлинган йўлнинг 6 та тасмасида автомобиллар, махсус ажратилган 2 та йўналишда автобуслар ҳаракатланади. Қолган 2 та йўлак эса автомобиллар тўхтаб туриши учун мўлжалланган.
Умумий қиймати 19,2 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида автобуслар тўхташи учун 21 та янги бекат, 463 та «ақлли» светофор ўрнатилди. Интеллектуал транспорт тизими жорий этилди.
Шаҳарда яна 10 та йўналишни қамраб олувчи узунлиги қарийб 51 км бўлган автобуслар учун алоҳида йўлаклар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Яъни бошқа кўчаларда ҳам автобуслар Шота Руставели кўчасидаги каби бемалол ҳаракатланиши мумкин бўлади. Президентга тақдим этилган лойиҳага кўра, 2030 йилгача бу тизим Шаҳрисабз, Амир Темур, Янги Сергели, Махтумқули, Нурафшон каби кўчаларда ҳам жорий этилади.
Мазкур лойиҳа учун 126 млн доллар ажратиш режа қилинган. Бунинг амалга ошиши ортидан шаҳарда автобусларнинг ўртача тезлиги 18 км/соатдан 23 км/соатгача ошиши, интерваллар эса 20 дан 8-10 дақиқагача қисқариши кўзда тутилган.
Мавзуга оид
11:54 / 03.12.2025
Жамоат транспортида йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга қарши рейдлар кучайтирилди
21:28 / 27.10.2025
Колорадо кончилик мактаби билан Компетенциялар маркази ташкил этилади
19:29 / 27.10.2025
Ўзбекистон президенти АҚШ делегациясини қабул қилди
17:44 / 27.10.2025