Ўзбекистон | 08:41 / 27.09.2021
2497
2 дақиқада ўқилади

Нукусдаги қимирлаб турадиган 1,5 млрд сўмлик пиёдалар кўпригида ишлар қачон якунига тўлиқ етказилади?

Нукусдаги қимирлаб турадиган пиёдалар кўпригида ҳалиям ишлар тўлиқ якунига етмади. У бундан беш ой олдин фойдаланишга топширилган.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кўприк Нукусдаги «Жанга базар» ва «Алмазар» МФЙлари оралиғидаги темир йўл устида жойлашган. Баландлиги 6,52 метр, узунлиги 59,86 метр, кенглиги 3 метр. Унинг қурилиши 2021 йилнинг январь ойида бошланиб, март ойида фойдаланишга топширилган. Аммо ишлар тўлиқ якунига етказилмаган.

Kun.uz бу мавзуга 5 ой олдин ҳам тўхталиб ўтганди. Ўшанда ишлар тўлиқ якунига етказилмагани, кўприкнинг устки қисми ёпилмагани ҳақида айтилганди. Кўприкдан ўтувчилар унинг қимирлаб туришидан шикоят қилишганди.

Шундан кейин, 27 апрел куни буюртмачи ташкилот муҳандиси Ўктам Камалов кўприк қурилиши чиндан ҳам якунига етмасдан фойдаланишга топширилганини тан олган.

Ўктам Камалов ўшанда мазкур кўприк маҳаллий ҳокимият билан келишилган ҳолда фойдаланишга рухсат берилганини айтган.

Бундан беш ой олдин Қўнғирот темир йўллари УК муҳандиси "Кўприкнинг ҳозирги қиёфаси бутунлай ўзгаради. Лойиҳада кўрсатилган кўприкнинг том қисми ўрнатилади. Қўшимча тунги чироқлар ҳам ўрнатилади. Кўприкнинг ташқи қиёфасида Қорақалпоқ миллий орнаментларидан фойдаланилади. Кўприкнинг тўлиқ битказилмаганига сабаб, лойиҳада кўрсатилган тунги ёритиш чироқлари ва том қисми талабга жавоб бермаган. Буюртмачи ташкилот бу жиҳозларга қайтадан буюртма берган", деб таъкидлаганди.

Орадан ярим йилга яқин вақт ўтса ҳам бу ўзгаришлар амалга оширилмади. Олдинда совуқ, ёғингарчиликли кунлар яқинлашмоқда.

Маълумот учун, ушбу кўприкдан Нукусдаги 22-, 27-, 34-, 41-мактаб ўқувчилари ва 22-, 23-кичик туман, «Қўскўл-3» МФЙ аҳли ўтиб қайтишади. У «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ буюртмаси асосида қурилган. Уни «Кўприк қурилиш» ДУК амалга оширган. Қурилишга жами 1 млрд 500 минг сўм маблағ ажратилган. Пиёдалар кўприги 3 ой ичида фойдаланишга топширилган.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Боймирза Халилов.

Тайёрлаган:  Kun.uz Admin

Мавзуга оид