Иқтисодиёт | 18:45 / 01.05.2020
48520
9 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг ЕОИИга кузатувчи сифатида қўшилиши қандай оқибатларга олиб келади? — экспертлар фикри

Ўзбекистон ҳукумати ортидан депутатлар ҳам ЕОИИга кузатувчи бўлиб қўшилишга рози бўлди. Kun.uz мухбири Япония ва Жанубий Кореяда фаолият юритаётган ўзбекистонлик мутахассислар билан суҳбатда бунинг оқибатлари қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сўради.

Aлишер Умирдинов, Нагоя иқтисодиёт университети профессори (Япония):

— Кузатувчилик мақоми ўз номи билан кузатувчи бўлади. Ўзбекистонга катта халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди. Кузатувчилик мақомининг яхши томони шундаки, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Қирғизистон, Арманистон давлатларининг ушбу ҳудуд ичидан қандай чораларни қилмоқчилиги ҳақида энг иссиқ маълумотларни ҳам ўз вақтида олиш мумкин бўлади. Бозор конъюнктурасига қараб туриб ўзининг маҳсулотларини ишлаб чиқариш ёки маркетинг масалаларини тартибга сола олади, деб ўйлайман.

Ҳуқуқшунос сифатида айтадиган бўлсам, Жаҳон савдо ташкилотининг қоидалари, амалиёти ЕОИИ қоидалари, низоларни ҳал қилиш институтларидан кўра яхшироқ шаклланган. Чунки унинг 160тадан ортиқ аъзоси бор. Дунё ЯИМининг 90 фоизидан ортиғини қамраб олган. 160дан ортиқ давлат бир вақтнинг ўзида сизни кузатиб туради. Бу нарса ниҳоятда яхши. Чунки Ўзбекистон шу пайтгача бунақа катта иқтисодий блокларга кирмаган. Бу Ўзбекистон учун биринчи марта катта тажриба вазифасини ўтайди.

Aлишер Умирдинов

Биз халқаро ҳуқуқий шартларни бўйнимизга олганимиздан кейин, ўз-ўзидан буни ички қонунчилигимизда акс эттиришимиз керак. Буни орқага қайтариш ниҳоятда мушкул. Агар орқага қайтарадиган бўлсак, ЖСТда маълум санкцияларга ўз-ўзидан дучор бўламиз. Аввал ЖСТга киришимиз ҳам иқтисодий томондан, ҳам ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади.

Бекзод Зокиров – Токио университети сиёсий иқтисодиёт бўйича докторанти (Япония):

— Обама давридаги давлат котиби Клинтон [ЕОИИ ҳақида] «бу ташкилот иккинчи собиқ иттифоқни тиклашга уриниш», деган фикрни айтган эди. Бу бир томондан ташкилотга дискредитив, ишончсиз ҳолатга келтиришнинг бир шакли бўлган. Лекин мен уни собиқ иттифоқни тиклашга уриниш деб ҳисобламайман. Бу ерда, албатта, Ўзбекистоннинг ҳам прагматик манфаатлари бор.

Бекзод Зокиров

Иттифоқнинг ўзидаги ички муаммолар ҳақида гапириб ўтсам. Қўшилиш-қўшилмасликдан қатъи назар, бу бизга катта муаммо олиб келмайди, деб ўйлайман. Бунга учта сабаб бор.

Биринчидан, бу ташкилот умумий манфаатни кўзламайди. Европа Иттифоқи сингари ҳаммани бирлаштирадиган манфаат йўқ бу ерда. Бозор очилади, стандартлар яхшиланади, деган нарса бўлиши мумкин. Лекин бу умумий манфаат эмас, ЕОИИда бирон нарса манфаатингизга зид бўлса, қочиб кетиш имконияти бор. Лекин Европа Иттифоқида бундай нарса йўқ. Яъни бу ерда ҳамма нарса прагматик манфаатларга асосланган. Умумий эмас, индивидуал прагматик манфаатларга асосланган. Оддий мисол билан айтганда, Россиянинг прагматик манфаати шундан иборатки, у Европадан ёки Америкадан чегараланган, шу сабабли иттифоқ Россияга янги иқтисодий ҳамкорларни топиб бериш воситаси бўлиши мумкин.

Қозоғистон учун прагматик манфаат – Россия билан ёки Хитой билан яккаланиб қолмаслик. Бошқа давлатларни ҳам олиб келиб, Россия ёки Хитой бизнинг манфаатларимизга зид бўлган нарсани қилмасин, биргаликда кўриб чиқайлик, деган. Бу ерда асосан яккаланиб қолмай деган манфаат бор.

Иккинчи муаммо. Бу нарса шахсларнинг шахсий истакларига боғлиқ бўлиб қолган. Европа Иттифоқи деганда Доналд Туск ёки Борис Жонсон кўз олдимизга келмайди. Бошқарув институти кўз олдимизга келади. Лекин ЕОИИ деганда, бу Путиннинг ташаббуси ёки Назарбоевнинг ташаббуси деган нарса хаёлга келади. Ҳамма нарса шахсийлаштирилган бу ерда. Мабодо Путин сайловда кетиш истагини билдириб, кетса, буёғи қандай бўлади, деган нарса жуда ҳам мавҳум. Биз ЕОИИ ичида тақдиримизни институтга беришни истамаймиз. Бу институтларнинг жуда ҳам заифлигини кўрсатади.

Учинчи муаммо, ЕОИИда ички муаммолар бор. Монопол ва лоббистларнинг манфаатларига хизмат қиладиган томонлари бор. Унга қўшилганимиз билан рақобатни шакллантириш, янги инновацион бизнес ғоялар ёки бизнес шаклларининг вужудга келишига хизмат қилмайди. Балки бирон монопол ёки лоббистик кучларни сақлаб қолишга хизмат қиладиган нарса. Бундан жуда катта нарса кута олмаймиз.

Лекин мабодо ЖСТга қўшилсак, биз учун янги ғоялар кириб келишига ёрдам бериши мумкин. Янги бизнес шаклларининг ривожланишига туртки бўлиши мумкин. Бу нарсани ЕОИИда кўра олмаймиз.

Aлишер Умирдинов:

— ЕОИИга қўшиламизми ёки ЖСТга қўшиламизми — ҳар иккиси ҳам музокараларга асосланадиган жараён ҳисобланади. Қайси бирига қўшилишдан қатъи назар, ҳукумат аъзолари, Ташқи савдо ва инвестиция вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари иложи борича Ўзбекистон халқи учун энг манфаатли шартлар асосида кириш масаласини таъминлашлари керак.

Россияда патент ололмай ёки патентлари бекор бўлиб чиқариб юборилган ишчилар бор. Ёки биз учун ниҳоятда манфаатли бошқа томонлар бўлиши мумкин. Бу ҳақида совуққонлик билан ўйлаган ҳолда шартларимизни ниҳоятда аниқ қўйиб, бутун Ўзбекистон учун манфаатли бўлган шартлар асосидагина қўшилиш масаласини таъминлаш керак. ЖСТга кириш кечикяпти ёки ЕОИИда бироз кутишимиз керак, деган масаладан кўра, ҳуқуқий шартларни қай даражада қўйиш масаласи бўлади.

Менимча, ташкилотларнинг иккисига ҳам ёки камида биттасига қўшилишимиз кўзга ташланмоқда. Миллатнинг янги нарсани қай даражада тез ўзлаштиришига қараб, ўша мамлакатнинг ривожи билинади. Японлар бирон янгилик бўладиган бўлса, япон халқи ўшани ниҳоятда тез ўзлаштиради. Янги нарсани тез ўзлаштириб, унга янги нарсани қўшиб ишлаб чиқара олади.

ЖСТ ёки ЕОИИ бўлсин, қайси ташкилотга қўшилишимиздан қатъи назар, бизга кириб келадиган янги маҳсулотларни кўриб, халқ, тадбиркорлар, ҳукумат улардан қай даражада манфаат олишни, устига янги қўшимчаларни қўшган ҳолда жаҳонга янги товарлар, янги хизматлар ёки янги ғояларни бера олишни ўйлаши керак – асосий масала шунда.

Валижон ТЎРАҚУЛОВ – Инҳа университети халқаро савдо бўйича докторанти (Жанубий Корея):

— 2001 йилда Хитой ЖСТга аъзо бўлган бўлса, 2005–2006 йиллардан бошлаб мамлакат жуда ҳам ривожланган. Ғарбнинг энг катта хатоси Хитойнинг ЖСТга аъзо бўлишига розилик бергани бўлди, деган гап ҳали ҳам бор. Бу – тўғридан-тўғри ҳасад. Хитой ЖСТга аъзоликдан кейин икки жиҳатдан ютди: ўзига кириб келаётган хомашё арзонлашди, ўзи сотаётган маҳсулот ҳам арзонлашди. Экспортни кўпайтириш натижасида кўпроқ иш ўринлари яратилди ва кўпроқ даромад қилишни бошлади.

Валижон Тўрақулов

Лекин ЖСТга аъзо бўлишнинг ўзигина сизга фойда беради, деган кафолатни бериб бўлмайди. Мен ЕОИИга аъзоликка қаршилигимни оддийроқ усулда тушунтириб бермоқчиман.

Савдо шартномалариннг турлари бор. Мисол учун, ЖСТ 165та давлат билан шартнома тузган. Бундан ҳам эркин савдо шартномасини икки давлат ўртасида қилиш мумкин. Масалан, Корея ва Америка ўртасида эркин савдо шартномаси бор, эркин савдо қилишади. Уларнинг тарифлари ЖСТ тарифларидан ҳам паст. Баъзиларида умуман тариф йўқ — эркин кириб-чиқилади.

Бундан ҳам тор доирада ва бундан ҳам эркинроқ савдо қиламан, дейиладиган бўлса, божхона иттифоқини қилиш керак бўлади. Бунга Европа Иттифоқини мисол қилиб олиш мумкин. Бутун қитъа бир давлат бўлиб қолган, бир-бирининг ўртасида чегара йўқ. Фақатгина ташқаридан келаётганларга чегара бор.

Европа Иттифоқи яхши экан, ўз-ўзидан ЕОИИ ҳам яхши бўлиш керак-ку, деган савол туғилиши мумкин. Шу ўринда, бу саволга жавобан яхши эмас, дейишга мажбурман.

Биринчидан, ЖСТга аъзоликдан сўнг тарифлар, мисол учун, 20ДАН 10 фоиз атрофигага тушса, эркин савдо қилиш орқали 5 фоизга тушса, божхона орқали 2-3 ёки ноль фоизга ҳам тушиши мумкин. Иккинчидан, ЕОИИнинг божхона тарифлари ўзларининг ичида ноль бўлиши мумкин, Лекин ташқарида ЖСТнинг ўртача тарифларидан юқорироқ туради.

Мана шу жиҳатдан, ЕОИИ тўсиқ бўлиб қолади. Аъзоликнинг фойдаси ҳам бўлади, лекин зиёни каттароқ бўлади.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид