Ўзбекистон | 20:37 / 19.05.2021
20926
3 дақиқада ўқилади

Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги тузилди

«Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштиришни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори имзоланди.

Қарор билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги тузилди.

Агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий вакиллари лавозимлари жорий этилмоқда.

Агентликнинг асосий вазифалари қуйидагилар бўлади:

  • аҳоли орасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш
    ва уларни мукаммал ўзлаштириш учун зарур шароитлар яратиш, хорижий тилларни ўқитишнинг халқаро тан олинган дастур ва дарсликлари таълимнинг барча босқичларида жорий этилишини мувофиқлаштириш ҳамда ўқитувчиларда замонавий ўқитиш кўникмаларини ривожлантириш;
  • ҳудудлар, тармоқлар ва таълим муассасаларининг хорижий тилларни ўзлаштирган мутахассисларга эҳтиёжларини таҳлил қилиш натижалари асосида талаб юқори бўлган хорижий тилларни ўқитишни ташкиллаштириш;
  • хорижий тилларни ўқитиш соҳасида «боғча-мактаб-олий таълим ташкилоти-корхона» тамойилидаги узлуксиз таълим занжирини жорий этиш мақсадида аҳолининг барча қатламларига мос бўлган тилни ўрганиш бўйича услубиёт ва тавсияларни ишлаб чиқишни мувофиқлаштириш;
  • хорижий тилларни пухта ўзлаштириш, тилнинг асосий кўникмаларини шакллантириш учун видеоролик, ўйин, кўнгилочар кўрсатув, фильмлар ва бошқа ўргатувчи контент яратилишини ташкил этиш;
  • давлат тилидан хорижий тилларга ва хорижий тиллардан давлат тилига профессионал таржима қилиш услубиётларини яратиш ҳамда ушбу йўналишда мутахассисларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш;
  • ҳудудлар, тармоқлар, давлат органлари ва таълим ташкилотлари кесимида хорижий тилларни билиш рейтингини юритиш, хорижий тилларни ўрганишни янада оммалаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.

Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари Вазирлар Маҳкамаси қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Агентлик ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш шароитлари бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги марказий аппарати ходимларига тенглаштирилади.

Агентлик бошқарув ходимларининг чекланган сони 73 нафар, шу жумладан марказий аппаратида 31 нафар ва агентликнинг ҳудудий вакилликларида 42 нафарни ташкил этади.

Агентлик ва унинг вакиллари Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказининг 34 та штат бирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимининг 39 та штат бирлиги ҳисобидан ташкил этилади.

Мавзуга оид