Ўзбекистон | 16:39 / 04.05.2023
26548
4 дақиқада ўқилади

Суд педофил амалдорлар ишини кўриб чиқишни бошлади – Олий суд судьяси

Маълум бўлишича, жиноят иши доирасидаги айбдорлар – вояга етмаган қизларни ойлар давомида жинсий алоқага мажбурлаб келган икки собиқ мансабдор ҳамон очиқликда қолмоқда.

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи шу уйда фаолият юритган. Уй ижарага олинган. / Фото: Kun.uz

Хоразмдаги оилавий болалар уйида тарбияланган қизларга нисбатан содир этилган жинсий жиноят ишини апелляция судида кўриб чиқиш 27 апрель куни бошланган. Суд жараёни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Kun.uz'га Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Акром Ўтаев маълум қилди.

“Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйининг собиқ раҳбари Юлдуз Худойберганова биринчи инстанция суди томонидан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган бўлиб, 27 апрель куни бўлиб ўтган суд мажлисида уни айни пайтда жазони ўтаётган жойда Тошкент шаҳрига келтириш ҳақида қарор чиқарилган. Суднинг навбатдаги мажлиси 4 майга белгиланган”, дейди Акром Ўтаев.

Олий суд мулозимига кўра, Урганчдаги оилавий меҳрибонлик уйининг 15-17 ёшли тарбияланувчилари билан жинсий алоқа қилиб келган, ушбу жинояти учун биринчи инстанция суди томонидан 1,5 йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов айни пайт очиқликда бўлиб, уларга нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ эҳтиёт чораси қўлланмаган.

Судья буни суд жараёни эндигина бошлангани, ҳали икки мансабдор шахс судга ҳам чақирилмагани билан изоҳлади. Унинг тушунтиришича, Юлдуз Худойберганова Хоразмдаги жазони ижро этиш муассасасидан Тошкент шаҳрига кўчириб келтирилгандан сўнг судда даставвал унинг кўрсатмалари тингланади. Сўнгра жиноят ишидаги бошқа айбланувчилар, жабрланувчилар ва гувоҳлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сўроқ қилинади, кўрсатма беради.

Эслатиб ўтамиз, жамоатчилик Хоразмдаги оилавий болалар уйи тарбияланувчиларига нисбатан содир этилган жирканч жиноят иши тафсилотларидан “Сукут сақлама” лойиҳаси орқали хабар топганди. Бу вақтда биринчи инстанция судининг ҳукми чиққанидан 7 ой ўтганди.

Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи шу уйда фаолият юритган. Уй ижарага олинган. Фото: Kun.uz

Биринчи инстанция судининг ҳукми ўтган йили сентябрда қабул қилинган бўлса, декабр ойига келиб иш Хоразм вилояти судида апелляция тартибида қайта кўрилган. Эътиборлиси, апелляцияга аризани уч нафар жиноятчининг ўзи берган. Яъни мудира 5,5 йиллик қамоқ жазосини, икки амалдор эса 1,5 йил давомида “тунги вақтда уйдан чиқмасанг бўлди” деган енгил жазо янаям юмшатилишига умид қилган. Вилоят суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Жинсий жиноятлар ойлар мобайнида давом этиб келгани, суд эса собиқ амалдорларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлагани резонансга сабаб бўлди. 6 апрел куни иш Олий судда кўриб чиқилди.

Олий суддаги ёпиқ мажлисда Хоразм вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2022 йил 27 декабрдаги ажримининг Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовга оид қисми бекор қилиниб, иш апелляция инстанцияси судида қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Юлдуз Худойбергановага тайинланган 5,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолдирилади.

11 апрель куни мазкур апелляция суди пойтахтга кўчирилгани, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимининг собиқ раҳбари Тошкент шаҳар судида бошқатдан суд қилиниши маълум қилинди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид