Ўзбекистон | 15:24 / 23.12.2024
34652
7 дақиқада ўқилади

“Вертолётда келиб, кўзимизни боғлаб олиб кетишди” — БААда ҳибсга олинган ўзбекистонлик

Ноябр ойида исроиллик раввиннинг ўлдирилиши ортидан БААда Ўзбекистоннинг ўнлаб фуқаролари қўлга олингани маълум бўлди. Уларнинг айримлари қўйиб юборилган, айримлари депортация қилинган, 5 кишига нисбатан жиноий иш очилган. 15 кундан ортиқ ҳибсда бўлиб, кейин амирликдан чиқариб юборилган ватандошлардан бири бошдан кечирганларини Kun.uz'га сўзлаб берди.

Фото: Kun.uz

Kun.uz ихтиёрига Бирлашган Араб Амирликларида қўлга олинган Ўзбекистон фуқароларига доир қўшимча маълумотлар келиб тушди.

Аввал хабар берилганидек, амирлик ҳудудида исроиллик раввинни ўлдиришда гумонланиб 3 ўзбекистонлик қўлга олиниши фонида, 25 ноябр куни Дубайда бир жойда яшаб, турли ишларда ишлаган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари ҳам ҳибсга олинган. Маълум бўлишича, уларнинг сони 9 нафар эмас, анча кўпроқ.

Ҳозиргача қўлга олинганлардан 7 нафари қўйиб юборилгани маълум. Улардан 4 нафарида БАА ишчи визаси бўлган, улар 25 ноябрдан 7 декабргача ушлаб турилган. “Уларга яхши муомала қилишган, жисмоний куч ишлатилмаган. Қўйиб юборилгач, Ўзбекистон консуллигига чақириб, суҳбат қилинган. Ҳозирда ишлаб юрибди”, – деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу фуқаролардан бирининг акаси.

Қўлга олинганларнинг яна 3 нафари эса сўроқ қилиш жараёнларидан кейин Ўзбекистонга мажбурий қайтариб юборилган. Қайтариб юборилган фуқаролардан бири Дубайда қўлга олиниши ва 15 кундан ортиқ ушлаб турилиши доир тафсилотларни Kun.uz'га сўзлаб берди.

“Ўша яҳудий роҳибнинг ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалгач, биз ижарада турган вилла устидан 3 кун давомида дронлар айланиб, бизни кузатди. Биз тушуниб турдик, нимадир бўлиши мумкинлигини. Лекин ҳеч қаерга кетмадик, ишлаб юравердик.

Кейин кечаси вертолётда қора кийимда “омончилар” келди, лазерли қуроллари билан ваҳимали тарзда бизни босиб олиб кетди. Кўзимизни боғлашди, қаерга борганимизни ҳам билмаймиз, давлат ташкилотими ёки бошқа жойми…

У ерда 50 тача ўзбек ва тожиклар бор эди. Бирга яшайдиганлардан бошқасини танимадим. Дастлабки 3 кун давомида фақат тергов ва сўроқ қилишди. Ўша қотиллик ҳақида гап бўлмади. Қаерда яшагансан, нималар қиласан, қизиқишинг нима – шу каби саволлар беришди. Телефонларимизни тинмай титишди. Жисмоний куч ёки руҳий босим қилишмади. Ким тергов қилганини ҳам билмаймиз. Қайси тилни биласан, деди, русча ва туркча десам, биттаси русчада қийналиброқ, акцент билан савол-жавоб қилди.

3 кундан кейин ҳамма алоҳида, қоронғи капсулада, фақат еб-ичиб изоляцияда бўлдик. Ҳеч нарса гапиришмади ҳам, сўрашмади ҳам. Бир-биримиз билан ҳам гаплашолмадик. Дастлаб ишчи визаси бўлган 4 кишини қўйиб юборди, улар Дубайда қолиб ишлаётганини кейин билдим. Биз 3 кишини эса кўзимизни бойлаб, кишанларда самолётгача олиб келиб, уйга қайтарди. Телефон ва паспортимизни берди. Қолган нарсаларимиз: пуллар, кийимларимиз, менинг "правам" ҳам қолиб кетди. Депорт урдими ёки йўқми, билмайман. Агар биз алоқамиз йўқ иш учун шунчалик ҳолатга тушган бўлсак ёки депорт билан боролмасак, жудаям адолатсизлик бўлади”, – дейди Ўзбекистон фуқароси.

Kun.uz'нинг дипломатик ваколатхоналардаги бир-биридан мустақил манбаларига кўра, БААда ноқонуний бўлиб турган ўнлаб Ўзбекистон фуқароларини қўлга олиш ҳолатлари – ҳақиқат. Уларнинг аниқ сони маълум эмас. Қўшни давлатлардан ҳам мигрантлар ушланган бўлиши мумкин.

“Қўлга олинганларнинг ишчи ёки талаба визаси борлари қўйиб юборилган, улар ишларга қайтган. Визасиз ёки сайёҳлик виза билан юрган айримлар депорт қилинган. Депорт қилинганлардан бир нечтаси уй ёки автомобилларни ижарага олиб, бошқаларга ижарага бериб юборган. Шунингдек, шу каби бошқа маҳаллий қонунларни бузадиган ҳуқуқбузарликлар учун депорт қилинган.

Ушланганлар орасида 5 нафар Ўзбекистон фуқаросига эса жиноий иш очилган. Улар ҳар бири алоҳида экстремизм билан боғлиқ жиноятда гумонланмоқда. Уларга нисбатан тергов давом этмоқда. Ушбу 5 нафар ўзбекистонлик исроиллик раввинни ўлдиришда гумон қилиб ушланган 3 нафар ўзбекистонлик иши билан алоқадор эмас. Уларнинг тергови ҳам алоҳида давом этмоқда. Улар БАА ҳудудида ва икки давлат махсус хизматлари ҳамкорликда ишламоқда”, – деди Kun.uz билан гаплашган исми сир қолишини сўраган ТИВ расмийси.

Маълум бўлишича, айни вақтда БАА масъул идоралари ўзбекистонлик дипломатларга қўлга олинган фуқаролар билан мулоқот қилиш имконини берган. Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари даражасида бу масала кун тартибида ушлаб турилибди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари БАА тегишли давлат ташкилотлари билан тўлиқ алоқа ўрнатган.

“Вақтинчалик ушланган фуқароларнинг аксарият қисми қўйиб юборилган ва улар ҳозирда БАА ҳудудида бемалол фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, фуқароларимиз орасида БАА ҳудудида ноқонуний фаолият юритган шахслар ҳам аниқланган бўлиб, улар яқин орада депортация қилиниши кутилмоқда”, – деди Бурҳонов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

БААда исроиллик раввиннинг ўлими ва ўзбеклар масаласи

21 ноябр куни БААнинг Ал-Айн амирлигида Исроил ва Молдова фуқароси, БАА резиденти бўлган роҳиб Цви Коганнинг жасади қотиллик аломатлари билан топилди. БАА Ички ишлар вазирлиги жиноятда гумонлаб уч нафар Ўзбекистон фуқаросини қўлга олган. Исроил нашрларига кўра, “Моссад” гумондорларни Эрон билан боғлиқ гуруҳга алоқадор деб ҳисобламоқда.

25 ноябр куни Дубайда меҳнат қилаётган бир гуруҳ Ўзбекистон фуқаролари полиция томонидан олиб кетилди. Полиция ҳолат бўйича изоҳ бермаган, ушлаб турилганлар билан ҳеч ким гаплаша олмаган. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Kun.uz'га 6 декабр куни берган изоҳида ҳолат юзасидан БАА ТИВга нота юборилгани ва жавоб кутилаётганини маълум қилганди.

26 ноябр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроил элчиси билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилаётганини билдирди.

30 ноябр куни Тошкент–Абу-Даби йўналишида учган Ўзбекистон фуқароларидан 31 нафари – фақат эркаклар – амирликлар ҳудудига киритилмади. Улар Абу-Даби халқаро аэропортида чегарадан ўтказилмаган. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси аэропорт маъмурияти ва амирликларнинг мутасадди идоралари билан мулоқотда бўлиб, вазият назоратга олинганини маълум қилди. Кейинроқ Абу-Даби халқаро аэропортида қолиб кетган ватандошларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилгани хабар қилинди.

2 декабр куни ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Баҳромжон Аълоев БААнинг Ўзбекистондаги элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди. ТИВ ахборотига кўра, томонлар сўнгги кунларда Ўзбекистон фуқароларининг БААга киришида кузатилаётган қийинчиликлар бўйича фикр алмашган ҳамда ҳолатни имкон қадар қисқа муддатларда ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар кўришга келишиб олган.

17 декабр куни эса ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов БАА элчиси Саид Матар ал-Қамзийни қабул қилди. Расмий релизда амирликдаги ўзбекистонликлар билан боғлиқ ҳолат муҳокама қилингани ҳақида маълумот йўқ.

Мавзуга оид