Иқтисодиёт | 23:44 / 30.10.2025
11196
6 дақиқада ўқилади

«Лукойл» хориждаги активларини сотяпти. Компания Ўзбекистонда нималарга эгалик қилади?

АҚШ Россиянинг энг йирик икки нефт компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл» билан боғлиқ транзакцияларни блоклаганди. Санкциялари эълон қилинганидан кўп ўтмай «Лукойл» хориждаги активларини сотишини эьлон қилди. Компаниянинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард метр куб газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуасидир. Шунингдек, мамлакатдаги 13 та йирик конга эгалик қилади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ президенти Доналд Трампнинг Россиядан жиддий жаҳли чиққанга ўхшайди. Дастлаб у Путин билан ўзаро учрашиб, икки томонлама музокаралар орқали Украинадаги урушни тўхтатишга ҳаракат қилиб кўрди. Бу йўл амалда ҳеч қандай ижобий ўзгаришга олиб келмагач, Америка томони Россиянинг энг йирик икки нефт компанияси — «Роснефт» ва «Лукойл» билан боғлиқ транзакцияларни блоклади.

Нефт ва газ савдоси Россия давлат бюджетининг қарийб чорак қисмини ташкил этади. Шундай бўлса-да, Кремлдагилар янги чекловлар Россия иқтисодиётига жиддий таъсир кўрсатмаслигини таъкидлашяпти. Уларнинг иддао қилишича, Москва бу каби чекловларга «мустаҳкам иммунитет» ҳосил қилиб бўлган.

Kun.uz Ўзбекистонда жуда ҳам катта активларга эгалик қилувчи ва энг йирик газ ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган «Лукойл» атрофида нималар содир бўлaётганига эътибор қаратади.

«Лукойл» халқаро даражадаги компания мақомини йўқотадими?

АҚШ санкциялари эълон қилинганидан кўп ўтмай «Лукойл» хориждаги активларини сотиш бўйича салоҳиятли харидорлардан тушган таклифларни кўриб чиқаётганини маълум қилди. 

Компания Қозоғистон, Ўзбекистон, Озарбойжон, Молдова, БАА, Ироқ, Камерун, Нигерия, Гана ва бошқа мамлакатларда фаолият юритади, Европада нефтни қайта ишлаш заводлари ва дунёнинг 19 мамлакатида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эга.

Асосий тузилмалардан ташқари «Лукойл» улуши 50 фоиздан ортиқни ташкил этадиган шуъба компаниялар ҳам санкцияларга дучор бўлган. Мутахассислар фикрича, «Лукойл»нинг улуши 50 фоиздан кам бўлган лойиҳаларда активларни тўғридан тўғри сотиш талаб қилинмаслиги мумкин, аммо якуний қарор миллий ҳукуматларнинг позициясига боғлиқ бўлади. Шунга қарамай, АҚШнинг блокировка чоралари компанияни тегишли тузилмаларни бошқариш ва уларнинг фаолиятидан даромад олиш имкониятидан маҳрум қилади.

Ушбу хабарлар фонида «Лукойл тугади», дея ёзяпти Politico. Нашр билан суҳбатда бўлган компания собиқ топ-менежерининг таъкидлашича, «Лукойл» хорижий активларсиз қолса, даромадининг 30 фоизини йўқотади.

Россиялик мутахассисларнинг баҳолашича, «Лукойл» хориждаги активлари умумий қиймати 10 млрд долларни ташкил этади. Бироқ уларни 50-70 фоизгача чегирма билан, 3 миллиард доллар атрофидаги нархга сотиш мумкин. Kasatkin Consulting компанияси раҳбари Дмитрий Касаткинга кўра, барча битимларни 21 ноябргача якунлаш имконсиз. Бундай жараёнлар одатда 6–12 ой талаб қилади.

Умуман олганда, жорий санкцияларсиз ҳам Россиянинг нефт компаниялари оғир даврни бошидан кечираётганди. 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда нефт ишлаб чиқаришнинг учдан бир қисмини назорат қилувчи «Роснефт»нинг соф фойдаси 3 баробардан кўпроққа, «Лукойл» ва «Газпром Нефт»нинг соф фойдаси 2 баробардан кўпроққа, «Татнефт»ники эса қарийб 3 баробарга қисқариб кетган.

«Лукойл» ва Ўзбекистон

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги фаолиятига тўхталадиган бўлсак, компания йигирма йил ичида нефт ва газ саноатига 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритиб, республикадаги энг йирик инвесторларидан бирига айланган.

Ҳукумат 2004 йилда мазкур компания билан Бухоро вилоятидаги «Қандим-Ҳаузак-Шоди» ва Қашқадарёдаги «Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳалари бўйича маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битим имзолаган. «Қандим-Ҳаузак-Шоди» бўйича келишув дастлаб 35 йил муддатга тузилган ва 2014 йилда яна 7 йилга – 2046 йилгача узайтирилган. «Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳаси бўйича шартнома 2007 йилда кучга кирган ва 36 йилга, 2043 йилгача амал қилади.

«Лукойл»нинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаси йилига 8,1 миллиард метр куб газни қайта ишлаш қувватига эга Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси бўлиб, унинг умумий сармояси 3,5 миллиард долларни ташкил этади. Компания Ўзбекистонда «Ўзбекнефтгаз»дан кейин иккинчи йирик газ ишлаб чиқарувчи ҳисобланиб, 13 та йирик конга эгалик қилади. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, конларда қазиб олинган газнинг 55 фоизи Ўзбекистон, 45 фоизи эса «Лукойл»га тегади.

Айни пайтда Ўзбекнефтгаз «Лукойл» билан қўшма лойиҳаларга таъсир этувчи АҚШ санкциялари бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди. Компания бошқарув раиси Баҳодир Сидиқов Gazeta.uzʼга берган интервюсида ҳозирда Ўзбекистон томонидан Россия активларини сотиб олиш масаласи кўтарилмаётганини айтиб ўтди.

Бундан олдинроқ Марказий банк раҳбари Тимур Ишметов АҚШнинг «Лукойл» ва «Роснефт»га қарши санкцияларига изоҳ бериб, бу Ўзбекистонга таъсир кўрсатиши мумкинлиги, аммо узоқ муддатли шартномалар ва дипломатик механизмлар эҳтимолий оқибатларни камайтиришга имкон беришини айтганди. У мамлакат санкциялар режимига риоя қилиш бўйича қатъий позицияга эгалигини таъкидлаган.

Мавзуга оид