Ўзбекистондаги нефт-газ конлари қайси компанияларга тегишли?
Маълум бўлишича, ҳозирда Ўзбекистонда 295 та нефт ва газ кони очилган бўлиб, шулардан 60 фоизи қўшма корхоналар ва хорижий компаниялар ихтиёрида.
12 феврал куни Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси Меҳриддин Абдуллаев журналистлар ҳамда жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, нефт ва газ соҳасига оид саволларга жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
Расмийларга кўра, ҳозирда мамлакатда 295 та нефт-газ кони бор. Шундан 118 таси – 40 фоизига “Ўзбекнефтгаз” (давлат) эгалик қилади. Қолган 176 таси қўшма корхоналар ва хорижий компанияларга тегишли.
“Ўзбекнефтгаз” раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг айтишича, компания ихтиёрида 2017 йилдан кейин асосан газ конлари қолган. Нефт конлари эса “Саноат энергетика гуруҳи” (Saneg; аввалги Jizzakh Petroleum)га берилган. Айни пайтда бу гуруҳ ихтиёрида 104 та нефт кони бор.
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда нефт-газ конига эгалик қилувчи компаниялар рўйхати қуйидагича:
Давлат корхонаси:
- “Ўзбекнефтгаз” – 118 та кон
Қўшма корхоналар:
- Natural Gas Stream (“Ўзбекнефтгаз” – 50%, Altmax Holding ва Gas Project Development Central Asia – 50%) – 10 та
- Uz-Kor Gas Chemical (“Ўзбекнефтгаз” – 50%, Корея компаниялари консорциуми: KOGAS, Lotte Chemical Corporation, GSE&R – 50%) – 1 та (энг йирик конлардан бири бўлмиш Сурғил кони)
- Gissarneftgaz (“Ўзбекнефтгаз” – 55%, Gas Project Development Central Asia – 45%) – 8 та
- AndijanPetro (“Ўзбекнефтгаз” – 50%, “Зарубежнефть” – 50%) – 3 та
- UzMaloil – (Ўзбекистон-Малайзия қўшма корхонаси) – 1та
- Gazli Gas Storage (“Ўзтрансгаз” – 40%, “Форус” – 60%) – 1 та
Хорижий компаниялар:
- Saneg – (собиқ Jizzakh Petroleum; Кипрда рўйхатдан ўтган, Бахтиёр Фозиловга алоқадор Belvor Holding – 98%, Gas Project Development Central Asia – 2%) – 105 та
- “Лукойл” – 13 та
- “Газпром” – 2 та
- Epsilon (АҚШда рўйхатдан ўтган; ўз вақтида Zeromax бош директори бўлган Миродил Жалолов бошқарувида) – 18 та
- Surhan Gas Chemical (Altmax Holding – 75%, Gas Project Development Central Asia – 5%, “Ўзбекнефтгаз” – 20%) – 1 та (энг йирик конлардан бири ҳисобланган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони)
- Petromaruz (Британияда рўйхатдан ўтган Россия компанияси) – 1 та
- CNPC (Хитой) – 13 та
Юқоридаги рўйхат – фақат конларнинг сонига оид экани, бу объектларнинг салоҳияти (улардаги захиралар ҳажми) бир-биридан жиддий фарқ қилишини эътиборга олиш лозим.
2019 йилда Ўзбекистонда очилган нефт-газ конлари сони 270 тага етгани, шулардан 11 таси 2017-2019 йилларда очилгани маълум қилинганди.
Мадина Очилова тайёрлади,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Нуриддин Нурсаидов
Мавзуга оид
22:19 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
09:35 / 10.12.2024
Биржа савдоларига чиқарилаётган кунлик автобензин ҳажми икки баробар оширилади
08:10 / 07.12.2024
Уч ҳудудда 700 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди
15:25 / 06.12.2024