Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Табиат муҳофазаси Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлашдан келадиган пулга қараб қолганми?
Маҳаллий қонунчилик Қизил китобга киритилган ҳайвонларни пул эвазига овлашга рухсат беради. Табиат ресурслари вазирлиги маблағ табиат муҳофазасига сарфланишини айтяпти. Хўш, жониворни ўлдирмасдан кўпайтиришнинг иложи йўқми? Йўқолиб кетиш хавфи остидаги жонзотларни отишга рухсат берилса, улар нега Қизил китобга киритилади?
Фото: Kun.uz
Ўзбекистонда Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлаш, айниқса, хорижлик овчилар томонидан овлаш охирги вақтларда сезиларли кўпайган. Масалан, яқинда россиялик овчи Сергей Мазуркевич 1 бош морхўр ва Бухоро қўйини овлагани ўзбек аудиториясида етарлича норозилик келтириб чиқарди. Шунга ўхшаш воқеа 2021 йилда бошқа бир рус овчиси билан ҳам бўлганди. Ўшанда Евгений Широков 2 дона қўнғир айиқни отишга рухсатнома олиб, битта айиқни отгач жамоатчиликда кескин резонанс кўтарилганди. Натижада овчидан иккинчи қўнғир айиқни овлашга берилган рухсатнома қайтариб олинганди. Умуман ёввойи ҳайвонларни овлашга рухсатнома олиш нимани англатади?
Ҳайвонларни овлашга рухсатнома олиш
Қонунчиликка кўра, ёввойи жониворларни овлаш учун махсус рухсатнома олиш талаб қилинади. Уни Табиат ресурслари вазирлиги овчига ҳар бир ҳайвон учун алоҳида беради. ЎзФА қошидаги Зоология институти эса ҳар йили ёки чоракда жониворлар яшаш ҳудуди ва популяциясини ўрганиб, бир йилда қайси турдаги жонивордан нечта овлаш мумкинлиги ҳақида ўз хулосаси ва квотасини тасдиқлайди. Вазирлик рухсатнома бераётганда шу хулосадан фойдаланади.
Kun.uz ҳам айнан рус овчилари отган морхўр ва Бухоро қўйига белгиланган квота ҳақида вазирликка сўров юборганди. Тақдим этилган маълумотга кўра, ЎзФАнинг 2022 йил 5 декабрдаги хулосасида 8 бош (4та овлашга, 4та кўпайтиришга) бурама шохли эчки (морхўр) ва 4 бош Бухоро тоғ қўйи (Уриал)га квота ажратилган.
Шу ўринда муҳим маълумотни айтиб ўтиш керак: бу 2 жонивор Ўзбекистонда у қадар кўп эмас. Зоология институти раҳбари Бахтиёр Холматовнинг Kun.uz’га берган маълумотига кўра, Ўзбекистонда яшаётган морхўрларнинг умумий сони 750дан ортиқни, Бухоро тоғ қўйи эса 150 донани ташкил қилиб турибди.
Берилган пул жонивор ҳаётига арзийдими?
Қизил китобга киритилган жониворларни овлаш учун рухсатнома қонунчиликда кўрсатилган тўловни амалга оширгандан кейин берилади. Чет эллик жисмоний ва юридик шахслар маҳаллий овчилардан кўпроқ тўлайди. Масалан, рус овчилари отган морхўр учун 25 минг доллар, Бухоро тоғ қўйи учун эса 10 минг доллар миқдорда тўлаши кўрсатилган. Хўш, улар берадиган пул ноёб ҳайвоннинг ўлдирилиши, инсонни табиатнинг бир бўладиган ажратиш учун арзийдими, деган савол туғилади. Ушбу саволни Kun.uz вазирликка ҳам берди. Уларнинг жавобига кўра, ёввойи ҳайвонларни овлашдан тушган пул табиатни муҳофаза қилиш лойиҳалари ва тадбирларига сарфланади.
“Ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш бўйича тадбирлар, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, кенгайтириш, уларнинг фаолияти ва режимини таъминлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича тадбирлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва қайта тиклаш бўйича питомниклар барпо этиш ишларига йўналтирилади”, – деган қисқа жавоб билан чекланди вазирлик.
Аммо шу ўринда очиқ қолиб кетаётган жиҳат бор: табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овлашдан келадиган пулга қараб қолганмикан?
Қизил китобга киритилган жонивор нега овланади?
Исталган жониворни отишга рухсат берилса, нега жониворлар Қизил китобга киритилади, Қизил китоб муҳофаза учун эмасми? Бахтиёр Холматовнинг тушунтиришича, одатда отишга рухсат берилганда ҳайвоннинг жинси, репродуктив хусусиятини йўқотганлиги ва урчишда иштирок этиш ва этмаслиги каби хусусиятлари инобатга олинади. Яъни у жонивор Қизил китобга киритилган бўлса ҳам, ҳар йили уларнинг сони ва кўпайиш ҳолати яхшилаб ўрганиб чиқилади. “Жуда кўпайиб кетган бўлса, овлашга қари, урчишда иштирок этмайдиганлари танлаб олинади”, – деди у.
Бу саволга вазирлик берган жавоб ҳам Зоология институти раҳбарининг фикрларига жуда яқин. Қизил китобга киритилган ҳайвонларни овламаса, улар табиий кўпайиб кетади дегани эмас. Аксинча, ўлжа олиш мақсадида ов қилиш, уларнинг айрим ҳолларда сонини тартибга солиш ҳам ҳайвонлардан оқилона фойдаланиш ва уларнинг табиий кўпайишига ёрдам беришга қаратилган тадбирлардан бири ҳисобланади”, – дея жавоб берди Табиат ресурслари вазирлиги мутахассислари.
Қўшимча қилинишича, агар ёввойи ҳайвон турлари вақти-вақти билан ов қилинмаса, табиий яшаш ареалига сиғмай, аҳоли яшаш пунктларига келиб, инсонлар ҳаётига ва соғлиғига хавф солади. Шунингдек, бошқа ҳайвонлар ареалининг қисқаришига олиб келади.
“Масалан, овланган Бухоро тоғ қўйи сунъий питомникда кўпайтирилган бўлиб, овчилик хўжалигига қўйиб юборилган ва айнан шу ҳайвон овчилик хўжалигида ов қилинган”, – дейди мутахассис.
Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Мавзуга оид
13:52 / 02.03.2025
Фарғонада Қизил китобга киритилган қушни ноқонуний сақлаб келган фуқаро ушланди
21:13 / 31.10.2024
Типратикан йўқолиб кетиш арафасидаги тур сифатида Қизил китобга киритилди
13:08 / 05.09.2024
Ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлардан фойдаланиш тартибига ўзгартириш киритилди
17:30 / 22.03.2024