Ўзбекистон | 18:23 / 15.09.2021
5848
3 дақиқада ўқилади

Радар ва камералар ўрнатиш жойларини аукционда сотишдан бюджетга 86,7 миллион доллар маблағ тушди – Молия вазирлиги

Фото: KUN.UZ

Радар ва камералар ўрнатиш жойларини аукцион асосида сотиш амалиётидан тушган маблағлар тўлиқ республика бюджетига йўналтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевнинг сўровига жавобан Молия вазирлиги маълумот берган.

Маълум қилинишича, радар ва камералар ўрнатиш жойларини аукционда 11 та тадбиркорлик субъектига сотишдан жами 86,7 миллион доллари миқдоридаги маблағлар давлат бюджети даромадларига келиб тушган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 август куни бўлиб ўтган онлайн савдоларда Тошкент шаҳрининг Ҳамид Олимжон ва Абдулла Қодирий чорраҳасида жойлашган радар ва камералар ўрнатиш жойи аукцион орқали 3,5 миллиард сўмга сотилган эди.

Маълумот учун, «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарорига мувофиқ, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилган.

Электрон аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектларига махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалар ўрнатиладиган жойлар чекланмаган муддатга ва бошқа тадбиркорлик субъектига ўтказиш ҳуқуқи билан бириктирилади.

Шунингдек, ушбу қарор билан 2021 йил 1 мартдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига автомобиль йўлларида автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи ҳам тақдим этилган.

Қарор билан тасдиқланган иловага мувофиқ, 2021-2022 йилларда тадбиркорлар томонидан 3 356 та интеллектуал видеокамералар, 763 та стационар радарлар ва 14 та оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар шохобчалар ўрнатилиши режалаштирилган.

Аввалроқ, очиқлик ҳақидаги президент фармони ижроси доирасида Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги йўлларда ишлаётган фоторадар ва камералар рўйхати эълон қилинганди. Шунингдек, ЙҲХББ томонидан июл ва август ойларида ишга туширилган стационар фоторадар ва камералар тўғрисида ҳам маълумот берилганди. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид