Ўзбекистон | 16:13 / 29.06.2021
32215
4 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов ҳокимият олдига қўйлар ҳайдаб келинганига муносабат билдирди

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Kun.uz'га берган интервьюсида яйловлардан фойдаланиш масаласига тўхталди. У, фуқаролар яйловларда чорва ҳайвонларини ўтлатганлик учун бадал тўлаши белгилангани, бунинг учун қишлоқларда моли бор фуқаролар аъзолигида уюшмалар тузилишини айтиб ўтди.

– Томчилаб суғориш тизимлари ҳақида кўп гапирилади, лекин тизимда деярли силжиш сезилмайди. Сув ва суғориш билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал этиляпти?

– Балки, мен айтганим сизга ёлғон бўлиб туюлар, лекин туманларга бориб кўрсангиз, томчилаб суғориш тизими қандай йўлга қўйилаётганини кўришингиз мумкин. Сув энг танқис бўлган Қўшработ туманида боғлар мана шу усулда суғориб келиняпти.

Жомбой туманида лалми ер қолмади, қарийб 100 фоиз томчилатиб суғоришни қўллаган ҳолда ерга ишлов берилмоқда. Каттақўрғон, Пайариқ, Иштихон туманларида ҳам бу борада катта иш кетяпти. Вилоятда 5 минг гектар еримизга томчилатиб суғориш орқали сув бериляпти, бу ҳазил ер эмас. Кейинги икки йилда субсидия ажратилиши натижасида иш анча олдинга силжиди.

– Яйлов ерлар камайиб бораётгани ва чорвачилик орқага кетаётгани айтиляпти.

– Дейлик, 100 гектар ерга 100 бош қўй ва мол боқиб юрилибди. Ўша ер остида суғоришга яроқли тоза сув бор ва бир тадбиркор келиб, ўша ерга сув чиқариб, 10 минг бош қўй боқишни йўлга қўймоқчи бўлса, қайси бири фойдали бўлади? Албатта, иккинчиси.

Агар яйлов эгасиман деб даъво қилувчи фуқарода 50 йиллик ижара шартномаси бўлса, бу бошқа масала. Баҳор ойида Нуробод ҳокимияти олдига қўйлар ҳайдаб борилгани шов-шув бўлиб кетди. Кўпчиликнинг фикрича, бу қўйлар – аҳолиники, лекин аслида, текширганимизда, фермернинг қўйлари экан, унга талаб ёқмаган ва шу томошани уюштирган.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов

Ўша ерлик аҳоли билан бориб гаплашдик, мен молимни қаерда боқаман, деяпти. Қаерда боқардинг, ўша ерга боқасан, дедик. Фақат энди яйловдан фойдаланганлик учун солиқ тўланади. Қонунда солиқ тўлаш кераклиги ёзиб қўйилган.

Қишлоқларда уюшмалар тузилади ва моли бор фуқаролар унга аъзо бўлади. Дейлик, минг гектар ер, одамлар моли сонига қараб яйловдан фойдалангани учун бадал тўлаши, уюшма эса ўша пулларни давлатга ер солиғи сифати тўлаши керак. Бу – Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган низомда кўрсатилган.

Ота-бобоси боқиб келган бўлса, бу ҳам солиқ тўламасдан боқиб юрсин дегани эмас-да, қонунга бўйсуниш керак-ку. Агар бу қонунларга амал қилмасак, бекор қилайлик.

Баъзида тушунмовчиликдан яйловни ўлдириб қўяётганлар ҳам бор. Шудгор қилиб қўйиб, ҳеч нарса экмайди, ер эса чангиб ётади. Ёки ер сотадиганлар бор – ҳаммаси фирибгарлик.

– Давлат раҳбари ишончига қандай киргансиз? Ишончни оқлаш учун нима қилиш керак?

– Бу савол қанчалик ўринли, билмадим, лекин бир нарса айтишим мумкинки, ишлаш керак, ишлаганда ҳам ақл билан ишлаш керак. Босим ҳамма жойда бўлади, агар босимдан чарчаса ёки қўрқса, ишламасин.

– Навоий вилоятига ҳоким бўлиб тайинланишингизни хотирлайсизми? Биринчи президент Ислом Каримов билан шу мавзудаги суҳбат ҳақида гапириб берсангиз.

– Мен ўша вақтда қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлардим. Самарқандда иш бўйича юргандим. 2008 йил 9 декабр куни телефон қилишди, етиб бордим. Кабинетга олиб киришди, Ислом Абдуғаниевич билан суҳбат бўлди.

Ўшанда бир савол бергандики, вилоятдаги муаммоларни қандай ечасан. Мен ўзим билганимча бориб вазиятни ўрганиб кейин таклифларимни айтдим. Ислом Абдуғаниевич тўхтатдилар-да: “Сенга насиҳатим – Навоий вилоятида фақат тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонликни, тижоратни ривожлантириш эвазига ижтимоий муаммоларни тез ечса бўлади. Бунинг ягона ечими шу нарса”, – дея маслаҳат берган эди.

Суҳбатнинг 1-қисми:

Мавзуга оид