Ўзбекистон | 13:28 / 01.09.2021
47411
5 дақиқада ўқилади

Охирги 4 йилда энг кўп куттирган мандат. Олдинги йиллар абитуриентлар жавобларни қанча кун кутган?

Айни пайтда 948 минг абитуриент мандат қачон чиқиши ҳақидаги хабарни интизорлик билан кутяпти. Бугун, 1 сентябр куни кириш имтиҳонлари якунланганига 16 кун бўлди. Бу охирги 4 йил ичида абитуриентларни энг кўп куттирган қабулга айланди. Бироқ, мандат ҳали эълон қилинмаяпти ва қачон эълон қилиниши ҳақида бирор хабар ҳам берилгани йўқ.

Бу йил ОТМларнинг бакалавриатига 948 минг абитуриент ҳужжат топширган. Уларнинг ота-онаси ва яқинларини ҳам ҳисобласак, миллиондан ошиқ одам мандат эълон қилинишини кутяпти.

Имтиҳонлар 5 августдан 16 августгача давом этди. Яъни асосий тестлар тўлиқ тугаганига бугун, 1 сентябрда 16 кун тўлади.

Тана ҳарорати юқори ва коронавирусга чалинган абитуриентлар (973 нафар) учун 23 августда имтиҳон ташкил қилинди ва уларнинг натижалари ҳам имтиҳоннинг эртасигаёқ эълон қилинган.

Бундан олдинги йилларда мандат қанча куттирган?

2020 йил – 12 кун

Ўтган йили пандемия сабаб кириш имтиҳонлари бироз кечроқ – 2-13 сентябр кунлари бўлиб ўтган ва мандат 25 сентябрда эълон қилинган. 2020 йилда абитуриентлар асосий имтиҳон тугагандан сўнг жавобни 12 кун кутган.

2019 йил – 9 кун

2019 йилда кириш имтиҳонлари 29 июлдан бошланган ва 15 августгача, 17 кун давом этган. Мандат эса 24 август куни эълон қилинган. Бу йили абитуриентлар охирги имтиҳон санасидан бошлаб жами 9 кун кутган.

2018 йил – 1 кун

2018 йилда имтиҳонлар 1 августдан 13 августгача бўлган санада ўтказилган ва ҳар кунги имтиҳоннинг эртаси куниёқ якуний натижалар ҳам эълон қилинган. 2018 йилда имтиҳон натижаларининг 1 кундаёқ эълон қилинишига сабаб ОТМлар учун имтиҳонларнинг алоҳида тарзда ўтказилгани бўлган, шунинг учун абитуриентлар эртаси кундаёқ тўплаган баллари билан бирга талабаликка қабул қилинганини ҳам билиш имконига эга эди. 2018 йилда абитуриентларга биттадан ортиқ йўналишни танлаш имкони берилмаган.

Энг узоқ куттирган қабул

Саналарга эътибор берилса, 2021 йилги қабул яқин йиллардан бери абитуриентларни энг узоқ куттиргани бўлиб чиқяпти.

Албатта, бу йил абитуриентларга грант устуворлигини танлаш имкони берилгани, имтиёзларнинг алоҳида ҳисоблана бошлангани ҳамда бошқа янгиликлар ва улар туғдирадиган мураккабликлар якуний натижаларни ҳисоблаш кечикишига маълум маънода таъсир қилиши мумкин. Лекин абитуриентлар сони олдинги йилдан анча кам экани ҳисобга олинса, жавоблар анча кеч қолаётгани англашилади.

Kun.uz Давлат тест маркази матбуот хизматига бу йилги мандат қачон эълон қилиниши бўйича савол билан мурожаат қилди. Лекин матбуот хизмати ходимлари ҳам якуний натижалар қачон эълон қилиниши ҳақида аниқ маълумотга эга эмаслигини билдирди. Сабаби тест натижаларини эълон қилиш фақат ДТМга боғлиқ эмас.

Аслида, 1 ҳафта

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилги қабулга оид қарорида “абитуриентнинг тест синовидан тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунланганидан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади”, деб белгиланган.

2019 йили қабул қилинган қабулга оид президент қарорида ҳам худди шу муддат қайд этилган.

23 август куни тана ҳарорати юқори ва коронавирусга чалинган абитуриентлар учун ўтказилган имтиҳон санаси сўнгги кун деб ҳисобланса ҳам, жавоблар 30 август куни эълон қилиниши керак эди. Ҳар иккала қарорда белгиланган муддатга 3 йилдан бери амал қилинмаяпти.

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев жавобларнинг 2019 йилдан бери қонунчиликда белгиланганидан кечикиб эълон қилинаётганини танқид қилди.

“Бир марта кечикиш бу тасодиф, икки марта кечикиш ана бор истисно. Аммо 3 марта кетма-кет айтилган муддатда жавобларни эълон қилишни эплолмаслик – тизимда нимадир хатолигини англатади. Иш ва юклама кўплиги ҳақидаги гаплар эскирди, менимча. Яхшиси тизимни қайта кўриб чиқиш керак. Қайсидир босқичда ниманидир ҳисобга олмаяпсизлар, нимадир ишни фақат орқага тортяпти. Ўша "нимани" топиш унча қийин иш эмас, аслида. Фақат бунга сал хоҳиш бўлса кифоя”, деб ёзади Хушнуд Худойбердиев.

Нима бўлганда ҳам масъуллар бироз масъулиятли бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Натижани 948 минг абитуриент ва уларнинг сонидан 3-4 баравар кўп яқинлари кутяпти.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади

Мавзуга оид