15:15 / 24.04.2024
3709

Ўзбекистон биринчи чоракда 360 млн долларлик газ сотиб олди

Жорий йил январ-март ойларида Ўзбекистонга 360,2 миллион долларлик газ импорт қилинди. Бу қиймат ҳисобида 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,35 баробар ёки 207,3 млн долларга кўп. Ўз навбатида, мазкур даврда газ экспорти 45,4 миллион долларни ташкил этди.

Фото: ТАСС

2024 йилнинг январ-март ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 15,8 млрд долларни ташкил этган, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 6,2 фоизга кўп.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, биринчи чоракда 360,2 миллион долларлик газ импорт қилинган. Бу қиймат ҳисобида 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 2,35 баробар ёки 207,3 млн долларга кўп.

2024 йилнинг январ-март ойларидаги газ импорт қилиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 35,6 миллион доллар;
  • Феврал – 131,1 миллион доллар;
  • Март – 193,5 миллион доллар.

Ўз навбатида, бу даврда газ экспорти 45,4 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан қиймат ҳисобида 2,5 фоизга ошган.

2024 йилнинг январ-март ойларидаги газ экспорт қилиш кўрсаткичлари:

  • Январ – 21 миллион доллар;
  • Феврал – 5,7 миллион доллар;
  • Март – 18,7 миллион доллар.

Аввалроқ, жорий йилнинг дастлабки 3 ойи давомида Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 11,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 фоизга қисқаргани хабар қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон илк марта Россиядан газ импорт қила бошлади. UzGasTrade ва “Газпром” ўртасида йилига 2,8 млрд куб метр ёки кунига 9 млн куб метргача газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилган. Шундан кейин томонлар ўртасида ўрта ва узоқ муддатли шартномалар бўйича музокаралар бошланган.

2024 йилги давлат дастурига кўра, “шимолдан импорт қилинадиган” табиий газ ҳажми кунига 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача оширилади. Республика магистрал газ тизимини бунга тайёрлаш учун ташқи қарзлар ҳисобидан 500 млн доллар ажратиш режа қилинган.

Top