Ўзбекистон | 17:51 / 27.12.2024
13580
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қандай қилиб йирик газ экспортёридан соф импортёрига айланди?

Ўзбекистонда газ танқислиги билан боғлиқ муаммолар миллий иқтисодиёт ва аҳоли турмушига жуда ёмон таъсир қилмоқда. Қиш ойларида исимаётган уйлар, метан шохобчаларидаги узундан узун навбатлар, ўн минглаб тадбиркорларнинг тармоқдан узилиши... Бу зарарлар қиймати ҳисоб-китоб қилинмайди, аксинча, “кўпга келган тўй”, “аномал қиш” деган важлар билан хаспўшланади холос.

13 йилда 30 фоизлик қисқариш

Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам табиий газ ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакат иқтисодиёти, энергетик хавфсизлиги ва ташқи савдо балансига жуда катта таъсир кўрсатади.

Сўнгги маълумотларга кўра, электр энергияси генерациясининг 70 фоиздан ортиғи газ ҳисобига амалга оширилади. Газ қазиб олиш эса қисқариб боряпти. Хусусан, 2010–2023 йиллар оралиғида бу қисқариш қарийб 30 фоизни ёки 19,2 млрд куб метрни ташкил қилган.

Статистика агентлиги маълумотларидан келиб чиқилса, 2010-2023 йиллар оралиғида табиий газ қазиб олиш ҳажми 30 фоизга қисқарган:

Жорий йилда ҳам газ қазиб олишдаги пасайиш давом этяпти. Масалан, январ-ноябр ойларида 40,7 млрд куб газ қазиб олинган, бу 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 4,7 фоизга кам. Кейинги йилда вазият янада ёмонлашиши мумкин. Масалан, мамлакатдаги энг йирик газ қазиб олувчи “Ўзбекнефтгаз” 2025 йилда 26,5 млрд метр куб табиий газ қазиб олишни режалаштиряпти. Бу ҳажм 2024 йилги прогноздан 2,8 млрд куб метрга, 2022 йилдаги қазиб олиш ҳажмидан 5,7 млрд куб метрга кам.

Охирги йилларда компания газ қазиб олишни кўпайтириш учун миллиардлаб доллар қарз олди, аммо бу натижаларда акс этаётгани йўқ. Масалан, кейинги йил ҳам ишлаб чиқариш лойиҳалари ва геология-қидирув ишларини молиялаштириш учун 2 млрд долларлик хорижий кредитларни жалб қилиш кўзда тутилган.

Газ экспорт қилувчи давлатдан соф импортёрликкача

Ўзбекистон узоқ йиллардан бери хорижга газ экспорт қилувчи давлат бўлиб келган. Лекин 2020 йилдан бошлаб экспорт кескин қисқара бошлади.

2017 йилда 1 млрд 390 млн долларлик, 2018 йилда 2 млрд 424 млн долларлик, 2019 йилда 2 млрд 257 млн долларлик, пандемия йили бўлган 2020 йилда 478 млн долларлик, 2021 йилда 717 млн долларлик, 2022 йилда 911 млн долларлик, 2023 йилда эса 530 млн долларлик газ экспорт қилинган.

2018-2023 йиллар оралиғида хорижга газ сотиш қиймат жиҳатдан қарийб 4,6 баробарга камайган.

Ўзбекистон гази асосан Россия, Хитой, Қирғизистон каби мамлакатларга экспорт қилиб келинарди. 2020 йилда Россияга экспорт тўхтатилди, Хитойга етказиб бериш ҳажми ҳам камая бошлади.

Алоҳида тўхталиб ўтиш лозимки, шу пайтгача ўзбек газини хорижга сотиш нархи бирор марта очиқланмаган ва бу “тижорий сир” сифатида тавсифланади.

Жорий йилнинг дастлабки 11 ойида 593 млн долларлик газ экспорт қилинди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16,5 фоизга кўп. Тақчиллик сабаб газ экспорти қисқариб бораётган бўлса-да, тўхтагани йўқ. Бу расмий Тошкент ва Пекин ўртасида газ олди-сотдиси бўйича узоқ муддатли шартнома борлиги билан изоҳлаб келинади, шартнома шартлари жамоатчиликка очиқланмаган.

Ўтган йилдан бошлаб расмийлар маҳаллий қазиб олиш тақчиллигини Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплашни бошлади. Жумладан, 2023 йилнинг август ойида расмий Тошкент ва Ашхобод йилига 2 млрд куб метргача газ етказиб бериш бўйича қисқа муддатли битим имзолади. Октябр ойидан бошлаб эса рус газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш жараёнига старт берилди. Шу тариқа, узоқ йиллар давом этган норационал иқтисодий ва энергетик сиёсат охир-оқибат газга бой мамлакатни бошқа давлатларнинг газига муҳтож қилиб қўйди.

Ўзбекистон 2023 йилда 695 млн долларлик газ импорт қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган даврида бу кўрсаткич 1 млрд 552 млн долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,8 баробарга кўпайди.

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, Устюртдаги конларда олиб борилаётган геологик ишлар кутилганидек бўлмаса, хориждан газ импорти 2030 йилга бориб 10-11 млрд куб метрга етиши мумкин.

Газ бўйича бошқа келишувлар каби, импорт шартномалари шартлари ҳам очиқлангани йўқ. Россия ОАВга кўра, ўтган йили рус газининг Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга импорти 1,22 млрд куб метрни ташкил этган. Ўзбекистон томони ҳар 1000 куб метр газни тахминан 160 доллардан сотиб олган. Таққослаш учун, Қирғизистон томони доимий равишда харид нархига оид маълумотларни очиқлаб келади. Расмий маълумотларга кўра, қўшни республика рус газини қарийб 112 доллардан сотиб олмоқда.

Умуман олганда, 2023 йилда Ўзбекистоннинг газ экспорти ва импорти ўртасидаги салбий фарқ 165 млн долларни, 2024 йилнинг 11 ойида эса 959 млн долларни ташкил этди.

Туркман газини сотиб олиш учун тарихий имконият

Дунёда табиий газга бой давлатлар жуда кўп. Улардан бири – ён қўшнимиз Туркманистон. Statista маълумотларига кўра, расмий Ашхободнинг тасдиқланган табиий газ захиралари қарийб 14 трлн куб метрни ташкил этиб, дунёда Россия, Эрон, Қатар ва АҚШдан кейин бешинчи ўринда туради. Мамлакат йирик саноат ишлаб чиқариш қувватларига эга эмаслиги сабабли қазиб олинган газнинг асосий қисми экспорт қилинади. Сўнгги йилларда Туркманистонда қазиб олиш ҳажми ҳам кескин кўпайтирилди. Масалан, бу кўрсаткич 2020 йилда 66 млрд куб метрни ташкил этган бўлса, 2023 йилда 80,6 млрд куб метргача оширилган.

Туркман газининг асосий харидор мамлакатлари Хитой, Россия ва Эрон бўлиб келган. Шу йилнинг ёзида Россия билан газ шартномаси муддати тугади ва етказиб бериш тўхтатилди. 2019 йилда тузилган шартномага мувофиқ, “Туркменгаз” “Газпром”га йилига 5,5 млрд куб метргача газ етказиб бериши керак бўлган. Айни вазиятда Туркманистон ўз газини барибир кимгадир сотиши керак. Транскаспий қувури орқали Европага экспортни амалга ошириш ҳозирча фақат истиқболли лойиҳа шаклида мавжуд холос. “Туркманистон – Афғонистон – Покистон – Ҳиндистон” (TAPI) газ қувурини қуриш ишлари ҳам катта маблағ талаб қилиши сабабли жуда секин кетяпти ва ҳали кўп йил давом этади.

Мавжуд вазият Ўзбекистонга энергетика муаммосини арзон, қулай ва узоқ муддатга ҳал қилиш учун тарихий имконият тақдим этиши мумкин. Ноябр ойининг бошида икки давлат расмийлари газ етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича келишувга эришганини маълум қилди, аммо узоқ муддатли шартнома тузиш ҳақида ҳозирча маълумотлар мавжуд эмас.

Ўзбекистоннинг газ захиралари қанча?

2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 867 млрд куб метрга баҳоланган эди ва жорий қазиб чиқариш ҳажмларида бу захиралар камида 34 йилга етиши маълум қилинганди. Ўша йилнинг феврал ойида собиқ энергетика вазири Алишер Султонов “Америка овози”га берган интервюсида “газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади” дея таъкидлаганди.

2023 йилнинг август ойида Ўзбекистонда 296 та нефт-газ кони мавжудлиги, уларда жами 1 трлн 854 млрд куб метр газ захиралари борлиги маълум қилинган. 296 та нефт-газ конидан 122 таси “Ўзбекнефтгаз”га тегишли бўлиб, республика умумий газ захирасининг тенг ярми – 933 млрд куб метри ушбу конлар ҳиссасига тўғри келади.

ОПEК ташкилоти томонидан тузилган рейтингда Ўзбекистондаги газ захираси 1 трлн 522 млрд куб метрга баҳоланган ва дунёдаги умумий газ ҳажмининг 0,74 фоизи билан 22-ўринга жойлаштирилган. Бошқа бир халқаро манбада эса бу кўрсаткич 1 трлн 840,5 млрд куб метр экани кўрсатилиб, Ўзбекистон энг кўп табиий газ захирасига эга давлатлар қаторида 17-ўринда қайд этилган.

Газ қазиб олиш ҳажмини ошириш мумкинми?

Бир неча ўн йилликларга етадиган захирамиз бор экан, хориждан газ сотиб олмай, шуни ишлатсак бўлмайдими, деган савол пайдо бўлиши мумкин. Ўтган йилда қабул қилинган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам табиий газ қазиб олиш ҳажмини йилига 62 млрд кубга етказиш вазифаси қўйилганди. Бу – ишлаб чиқариш ҳажми 7 йил ичида 33 фоизга ошиши кераклигини англатади.

Аммо вазият яхшиланаётгани йўқ. Аксинча, ойдан ойга газ қазиб олиш ҳажми камайишда давом этяпти. Расмийларга кўра, кўпгина конларда қазиб олиш технологик ва иқтисодий жиҳатдан қийинлашган, ишлаб чиқариш харажатлари қимматлашган, ишлаб чиқаришни ошириш учун сармоя керак. Айни пайтда, газ қазиб олишни кўпайтириш бўйича охирги йилларда қабул қилинган дастурлар, ташқи қарзлар ва бюджетдан йўналтирилган катта миқдордаги маблағларнинг самараси кўринаётгани йўқ. Мамлакат эса ташқи бозорларга тобора кўпроқ қарам бўлиб боряпти

Мавзуга оид