Ўзбекистон | 12:45 / 03.01.2025
17981
6 дақиқада ўқилади

Бекободда ИИБ биносига олиб келинган фуқарони уриб ўлдириб қўйган ходим 9 йилга қамалди

Бекобод шаҳар ИИБ биносида вафот этган 43 ёшли Дилмурод Юсупвалиевнинг ўлимига ИИБ ходими етказган жароҳат сабаб бўлгани тасдиқланди. Суд ҳукми билан ходим қасддан баданга оғир шикаст етказиш, ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган деб топилди. Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Марҳумнинг акаси Kun.uz’га берган интервюсида укасини ўз кўзи олдида ИИБнинг бир неча ходими калтаклаганини айтганди.

Бекобод шаҳри ИИБ биносида фуқарони калтаклаб, унинг ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 1991 йилда туғилган Фирдавс Мурадуллаев 2022 йил январ ойидан 2024 йил 1 июлга қадар Тошкент вилояти ИИББ учинчи минтақавий ҳудуд Бекобод шаҳар ИИБ ЖХХ Ҳуқуқбузарликлар профилактика бўлинмаси профилактика инспектори лавозимида ишлаб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган мансабдор шахси бўла туриб, мансаб ваколати доирасидан четга чиққан.

2024 йил 19 июн куни соат 17:30 ларда профилактика инспекторлари томонидан ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан фаол қаршилик кўрсатгани сабабли ака-ука Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевлар ЖИБ Бекобод шаҳар суди биносидан Бекобод шаҳар ИИБ маъмурий биносига куч ишлатиб олиб келинган. Фирдавс Мурадуллаев Юсупвалиевларни сўровхонага олиб кирмасдан, Дилмурод Юсупвалиевнинг қўлларини орқага қайирган ҳолда қаддини буккан ҳамда қорин қисмига тиззаси билан зарба берган. Сўнгра Дилмурод Юсупвалиевни ерга йиқитиб, унинг юз ва қорин қисмларига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.

Шундан сўнг Дилмурод ва Дилшод Юсупвалиевларни вақтинча ушлаб туриш учун ўз ваколат доирасида шахсан ўзи ёхуд бошқа мансабдор шахснинг ушлаб туриш учун асос ҳисобланувчи қарори қабул қилинмаганини била туриб, ИИБ биноси ичидаги ВУТХга киритишга эришган. Оқибатда Дилмурод Юсупвалиев воқеа жойида вафот этган.

Фирдавс Мурадуллаев ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, ВУТХ ичида Дилшод Юсупвалиевнинг чап қулоқ соҳасига урган. Шунингдек, Дилшод Юсупвалиев ВУТХдан маъмурий бино коридорига чиқиб, профилактика инспектори М.Имамқулов билан суҳбатлашиб турган вақтида ҳам чап юзи ва қулоқ қисмига икки маротаба зарба берган ҳолда унга енгил тан жароҳати етказган.

Судда Фирдавс Мурадуллаев айбига иқрорлик билдирмаган. У дастлабки тергов органи томонидан нотўғри айблов эълон қилинганини, Дилмурод Юсупвалиевни тепмаганини, камерада тепганга ўхшаб кўриниб қолганини, Дилшод Юсупвалиевни тартибга чақириш учун уриб юборганини айтиб, жабрланувчиларнинг оиласидан кечирим сўраган ҳамда моддий ва маънавий зарарларни тўлашга тайёрлигини билдирган.

Фирдавс Мурадуллаевнинг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари ва бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Суд ҳукми билан Фирдавс Мурадуллаев Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлиши), 109-моддаси 1-қисми (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) ва 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбли деб топилган. Унга 3 йил муддатга ИИБ тизимида, давлат иштирокидаги ташкилотларда раҳбарлик ҳамда моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланган.

Воқеа ҳақида бунгача нималар маълум эди?

2024 йил 19 июн куни Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.

Кўз ўнгимда калтаклаб ўлдиришди”

Воқеа иштирокчиси Дилмурод Юсупвалиев Kun.uz’га берган интервюсида марҳум укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини айтган.

“Биттаси менинг ҳам шимимдан ушлаб олган. Ёш бола эмасман, қўйиб юбор, дедим. Ички ишлар бўлимига бирга кетдик. Дарвозасидан киришим билан учта ходим менинг ҳам қўлимни қайириб олиб кирди.

Иккитаси укамнинг қўлини қайириб турди. Биттаси дубинка билан урди, биттаси қорнига тепди, яна биттаси орқасидан урди. Кейин укам йиқилди. Тез ёрдам чақиринглар, мазам қочяпти, деди. Шу вақтда мени ҳам уришди, йиқилдим. Тез ёрдам чақиринглар, мазаси бўлмаяпти, дедим, шу пайт биттаси дубинка билан қулоғимга урди. Укамни 5-6 киши бўлиб яна уриб тепа бошлади, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Учтаси оёғининг учи билан, биттаси оёғининг таги билан тепаверди. “Ноловка” деган хонанинг эшиги ёнида уришди”, деган у.

Кейинчалик мазкур иш доирасида бир нафар ички ишлар ходими қамоққа олинганди.

Мавзуга оид