Бекобод шаҳри ИИБ биносида фуқаронинг вафот этгани ҳолати бўйича бир нафар ИИБ ходими қамоққа олинган. Буни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов тасдиқлади.

Kun.uz’га интервью берган марҳумнинг акаси укасини ИИБ ходимлари унинг кўзи олдида калтаклаб ўлдирганини таъкидлаган эди.

Аслида нима бўлганди?

Жорий йилнинг 19 июн куни Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган 43 ёшли эркак вафот этди. Тошкент вилояти ИИББ хабарига кўра, 43 ва 46 ёшли ака-ука қасддан баданга оғир шикаст етказишда айбланаётган 33 ёшли укасининг суд мажлисига борган. Улар укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, залда жанжал кўтарган ва жамоат тартибини бузган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспектори томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

43 яшар фуқаро Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотгани, у шаҳар шифохонасига олиб борилгани ва кўрикдан ўтказилганда вафот этгани аниқлангани қайд этилган.

Кўз ўнгимда калтаклаб ўлдиришди”

Воқеа иштирокчиси Дилмурод Юсупвалиев Kun.uz’га берган интервьюсида марҳум укаси ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани оқибатида вафот этганини айтган.

“Биттаси менинг ҳам шимимдан ушлаб олган. Ёш бола эмасман, қўйиб юбор, дедим. Ички ишлар бўлимига бирга кетдик. Дарвозасидан киришим билан учта ходим менинг ҳам қўлимни қайириб олиб кирди.

Иккитаси укамнинг қўлини қайириб турди. Биттаси дубинка билан урди, биттаси қорнига тепди, яна биттаси орқасидан урди. Кейин укам йиқилди. Тез ёрдам чақиринглар, мазам қочяпти, деди. Шу вақтда мени ҳам уришди, йиқилдим. Тез ёрдам чақиринглар, мазаси бўлмаяпти, дедим, шу пайт биттаси дубинка билан қулоғимга урди. Укамни 5-6 киши бўлиб яна уриб тепа бошлади, ҳаммаси ёш йигитлар экан. Учтаси оёғининг учи билан, биттаси оёғининг таги билан тепаверди. “Ноловка” деган хонанинг эшиги ёнида уришди”, деган у.