Ўзбекистон | 13:44 / 21.06.2024
20371
2 дақиқада ўқилади

Бекобод шаҳар ИИБ биносига олиб борилган фуқаро вафот этди

Расмий муносабатда унинг бино йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушидан кетгани айтилмоқда. Шифохонада кўрикдан ўтказилганда унинг вафот этгани аниқланган.

Фото: Kun.uz

Бекобод шаҳар ИИБ биносига кириш йўлагида соғлиги ёмонлашиб, ҳушидан кетган фуқаро вафот этди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е”, “к”, “л” бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Бекобод шаҳар жиноят ишлари бўйича судига юборилган.

2024 йил 19 июн куни Бекобод шаҳар суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Ю.нинг акалари 43 ёшли Д.Ю. ва 46 ёшли Д.Ю. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангандан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтарган.

Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган.

Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.

ИИБ биносига кириш йўлагида, Д.Ю.нинг соғлиги ёмонлашиб ҳушини йўқотган. Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган.

Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этгани аниқланган.

Қайд этилишича, фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. СТЭ хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади.

Аввалроқ Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит, Қўқонда ИИБ муассасасида 15 ёшли ўсмир, Бўкада терговга жалб этилган фуқаро касалхонада вафот этганди.

Мавзуга оид